Жаҳон | 23:24 / 23.09.2019
18418
2 дақиқада ўқилади

Покистон бош вазири мамлакатининг энг катта хатосини айтди 

Покистон бош вазири Имрон Хон Исломободнинг 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейин АҚШнинг Афғонистондаги операциясида иштирок этишини “мамлакатининг энг катта хатоси” деб ҳисоблашини айтди.

“Биз бетараф бўлиб қолишимиз керак эди. Покистон 11 сентябрдан кейин АҚШга қўшилиб, энг катта хатоларидан бирини содир этган”, деб айтган Хон Нью-Йоркда халқаро муносабатлар кенгашидаги чиқишида.

Хон хато АҚШ ва Покистон Афғонистонда 1980-йилларда собиқ иттифоққа қарши тайёрланган кучларга қарши курашганидан иборатлигини айтган.

“Мен бошидан бунга [Афғонистондаги операция] қарши бўлганман. Дастлаб биз бу йигитларни жиҳод қилиш учун тайёрлаганмиз ва бу ажойиб ғоя бўлган, энди эса биз шу гуруҳларга буни террорчилик демоқдамиз”, деб айтган Покистон бош вазири. У Афғонистондаги ихтилофни ҳарбий йўл билан ҳал қилишни истиқболсиз деб атаган, чунки бундан Афғонистон тарихи дарак беради.

Хоннинг айтишича, Покистон АҚШнинг Афғонистондаги амалиёти сабабли 200 млрд долларгача йўқотган. Бундан ташқари, мамлакат 2,7 млн афғон қочқинини қабул қилишига тўғри келган.   

АҚШ ва унинг иттифоқдошлари 2001 йилдан бери Афғонистонда “Толибон” ҳаракати ва бошқа гуруҳлар, жумладан ИШИД ва “Ал-қоида”га қарши операция ўтказиб келади. 

Мавзуга оид