Ўзбекистон | 09:00 / 23.09.2019
5506
6 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида «Олий мактаб»лар ташкил этилади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида “Олий мактаб”лар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг таклифига мувофиқ Тошкент давлат аграр университети академик лицейи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилаётган қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари негизида олий таълим тизими билан интеграциялашган олий мактаблар ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Олий мактабларнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2030 йилларгача мўлжалланган стратегиясида соҳа ва унинг тармоқларида яқин истиқболда ва келажакда амалга ошириладиган вазифалар, жорий қилинадиган замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда назарий билим ва амалий кўникмаларни пухта эгаллаган малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш;

илғор хорижий тажриба ҳамда профессионал таълим тизими олдига қўйилаётган вазифалар асосида ўқувчиларни инновацион ва янгича фикрлашга йўналтирадиган замонавий педагогик ва ахборот технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда сифат жиҳатдан янги таълим стандартлари, дастурлар ва ўқув режаларни, ўқувчиларнинг мустақил изланишини таъминловчи механизмларни кенг жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги ва унинг тармоқлари учун кадрлар тайёрлашнинг узвий тизимини яратиш, Олий мактаб ҳамда Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари ўртасида таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш;

халқаро таснифлагични камида 3 ёки 4-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда икки йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов контракт асосида ўқитиш;

ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурларида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурстежамкор илғор технологиялар бўйича назарий билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш;

хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этиш;

профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар, иқтидорли ўқувчиларнинг инновацион технологияларни яратиш ҳамда жорий этиш борасидаги ташаббускорлиги ва моддий манфаатдорлигини ошириш мулкчилик шаклидан қатъий назар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва логистикаси билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларга ахборот-маслаҳат (extension) хизматларини кўрсатиш;

танлаб олинган касб-ҳунар бўйича бир ёки бир неча ихтисосликни эгаллаш жараёнида ўқувчиларнинг касбий лаёқат, кўникма ва малакаларини ривожлантириш, илғор технологиялар асосида фаолият юритаётган хўжалик субъектларига уларнинг амалиётларини ташкил қилиш;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими даражасида кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган кичик бакалаврлар (аssociate degree) тайёрлаш;

фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш;

ўқувчиларни ватанпарварлик ва фидойиликни шакллантирувчи миллий ўзликни англаш, халқнинг миллий маданий тарихий анъаналарига ҳурмат, ватан билан ғурурланиш руҳида тарбиялаш;

соғлом турмуш тарзи меъёрларини татбиқ қилиш, таълим-тарбия жараёнини соғломлаштириш учун шароитлар яратиш.

Белгиланишича:

Олий мактабларга Халқаро таснифлагич бўйича асосий таълим дастурларидан ташқари қуйи даражадаги таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқи берилади;

Кичик бакалавр (Associate degree) таълим дастурларини тамомлаган битирувчилар 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича Олий мактабни муваффақиятли якунлаган битирувчилар, кириш синовларисиз суҳбат ўтказиш орқали бакалаврлар тайёрлашнинг махсус уч йиллик дастури бўйича ва ўқиш тугаганидан сўнг тақсимотга мувофиқ уч йил давомида узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини олган ҳолда Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларига ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлади;

Олий мактаб Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида зарур шахсий ҳисоб варақларига эга бўлади;

Олий мактаблар директорлари Тошкент давлат аграр университети тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тайинланади.

Ўқувчиларни қабул қилиш параметрлари 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кадрлар буюртмачилари бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Олий мактабнинг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;

Ўқувчиларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

Йирик иш берувчилар ҳамда буюртмачиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари;

халқаро молия институтларининг маблағлари;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид