Журналист Шокир Шарипов Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов билан суҳбатда ўша эски саволни яна ўртага ташлади: биз қачон соҳани тузук ҳолга келтирамиз? Фермерга нисбатан бундай муносабат қачонгача давом этади?

“Фермерни бригадир деб билишади”

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида фермер ҳуқуқлари, ҳосил режалари ва ҳисобот босими атрофидаги баҳслар янада долзарблашмоқда. Kun.uz соҳани яхши биладиган мутахассис Камолиддин Икромов билан фермерларнинг нега ҳали ҳам тўлақонли тадбиркор сифатида кўрилмаётгани, бу муносабат қандай механизмлар орқали сақланиб қолаётгани ва унинг ер, бозор ҳамда келажак авлодлар учун оқибатлари ҳақида суҳбатлашди.

Шокир Шарипов, журналист: Сиз соҳани ичидан биласиз. Нега фермерларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият йиллар давомида ўзгармаяпти? Бундай муносабатнинг механизми нимада?

Камолиддин Икромов, Агробизнес ассоциацияси раҳбари: Мен бу ҳақда кўп ўйлайман. Шахсий фикрим шуки, фермерларимизга нисбатан жамият томонидан ҳам, бошқарув тизими томонидан ҳам етарлича кучли қўллаб-қувватлаш шаклланмаган. Масалан, бошқа соҳалардаги муаммолар жамоатчиликда тезроқ акс-садо беради. Фермерлар масаласида эса қамров ҳам, ҳимоя ҳам кам бўлади.

Бунинг бир сабаби ер муносабатларига бориб тақалади. Аҳоли фермерни “ерни ўзига олиб қўйган” одам сифатида кўради. Иккинчи томондан, айрим раҳбарлар фермерни мустақил тадбиркор эмас, юқоридан берилган вазифани бажариши керак бўлган бригадир сифатида қабул қилади. Унга кредит берилади, у кредитни ишлатиб, ҳосилни етиштириб бериши керак, деган қараш бор. Аслида фермер тадбиркорлик субъекти. У таваккал қилади, харажат қилади, ишчи ёллайди, ерга ишлов беради, бозор ва об-ҳаво хавфини кўтаради. Уни фақат режа бажарувчи звено сифатида кўриш қишлоқ хўжалигининг ривожланишига тўсқинлик қилади.

Ш.Шарипов: Фермерни бригадир ўрнида кўриш... Етарли эмасми, 21-асрда яшаяпмиз... Деҳқон эркин бўлса, ер билан инсон ўртасида бошқача муносабат шаклланади. Ернинг ҳақиқий ғамхўри пайдо бўлади. Тупроққа нисбатан масъулият кучаяди. Келажакка ҳам бошқача қарай бошлайди.