Ўзбекистон | 10:21 / 24.09.2019
6600
3 дақиқада ўқилади

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши сессияси: «яширин иқтисодиёт»га чек қўйиш масаласи муҳокама қилинди

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

2019 йил 21 сентябрь куни Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сенаторлар ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакилларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳи билан бирга президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 2 август куни бўлиб ўтган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси бўйича вилоятда ўтказилган таҳлил натижаларини  ҳар томонлама муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йил сентябрь ҳолатига вилоятда 43 920 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган бўлиб, ўтган давр мобайнида 4 288 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Ҳудуддаги тижорат банклари томонидан барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан тадбиркорликни ривожлантириш учун 110 362 нафар субъектга 2,6 трлн.сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.

Аммо, тадбирда таъкидланганидек, бу ишлар етарли эмаслиги, бугунги кунда тадбиркорларнинг ҳам, мутасаддиларнинг ҳам дунёқарашини ўзгартириш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Айниқса, банклар иш услубини тубдан янгилаб, ўз мижозлари билан ҳақиқий маънода бизнес-ҳамкорга айланмоғи керак. Тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, уларга ҳар тарафлама кўмаклашиш, тижорат банклари томонидан кредитлар ажратишда қулайликлар яратиш, мавжуд қарздорликларни ечиш — энг устувор вазифа даражасига кўтарилиши керак.

Бундан ташқари, тадбирда Савдо-саноат палатаси бизнес вакиллари билан ишларни лозим даражада йўлга қўймагани танқид қилинди. Шундан келиб чиқиб, палата тадбиркорлар билан ишлашни жонлантириши, бизнес соҳаси вакилларига ҳар томонлама кўмаклашиши лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, вилоятда “яширин иқтисодиёт”га чек қўйиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Сессияда вилоятда тадбиркорларни қийнаётган масалаларни комплекс ҳал қилишда маҳаллий кенгашлар депутатлик корпуси, партия гуруҳларининг масъулиятини янада кучайтириш, ишбилармонларнинг муаммолари бўйича аниқ манзилли иш олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов иштирок этди.

Мавзуга оид