Иқтисодиёт | 08:43
1005
3 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари рейтинги эълон қилинди

2026 йилда дунёнинг энг йирик иқтисодиёти қайси давлатга тегишли экани ҳисоблаш усулига боғлиқ. Номинал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) бўйича АҚШ биринчи ўринни сақлаб қолаётган бўлса, харид қобилияти паритети (ХҚП) асосидаги ҳисоб-китобларда Хитой етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг World Economic Outlook прогнозларига асосланган таҳлилда маълум қилинган.

Фото: AP

Таҳлилда 2026 йил учун дунёнинг энг йирик 20 иқтисодиёти икки хил мезон — номинал ЯИМ ва харид қобилияти паритети бўйича таққосланган.

Номинал ЯИМ мамлакат иқтисодиёти ҳажмини амалдаги валюта курслари бўйича ҳисоблайди ва халқаро иқтисодий таққослашларда асосий кўрсаткич ҳисобланади. Ушбу мезонга кўра, 2026 йилда АҚШ иқтисодиёти 32,4 триллион долларлик ЯИМ билан дунёда биринчи ўринда қолмоқда.



Хитой 20,9 триллион доллар билан иккинчи, Германия эса 5,5 триллион долларлик иқтисодиёт билан учинчи ўринни эгаллаган.

Хитой сўнгги ўн йилликларда жадал саноатлашув ва экспортга йўналтирилган иқтисодий модели туфайли 2007 йилда Германияни, 2010 йилда эса Японияни ортда қолдириб, номинал ЯИМ бўйича дунёда иккинчи ўринга чиққан. Бироқ харид қобилияти паритети бўйича у АҚШни илк бор 2014 йилдаёқ ортда қолдирган эди.

2026 йил прогнозларига кўра, Хитойнинг ХҚП бўйича ЯИМ 44,3 триллион долларни ташкил этади. Бу АҚШнинг шу кўрсаткичи — 32,4 триллион доллардан 10 триллион доллардан ортиққа юқори.

Мутахассислар бу фарқни мамлакатлардаги нархлар даражаси билан изоҳлайди. Чунки бир доллар АҚШда сотиб олиши мумкин бўлган товар ва хизматлар ҳажми Хитой ёки Ҳиндистондагига нисбатан камроқ ҳисобланади. Шу сабабли ХҚП бўйича ҳисоб-китобларда Ҳиндистон ҳам дунёдаги учинчи йирик иқтисодиёт сифатида қайд этилган.

Таҳлилга кўра, Хитой, Ҳиндистон ва Индонезия каби ривожланаётган давлатлар яшаш харажатлари нисбатан паст бўлгани учун ХҚП рейтингида юқорироқ ўринларни эгаллайди. Айрим давлатлар эса номинал ЯИМ бўйича кучли йигирматаликка кирса-да, ХҚП бўйича бу рўйхатдан чиқиб кетади.

Россия ҳам харид қобилияти паритети бўйича сезиларли ўсиш кўрсатади. Мамлакатнинг ХҚП бўйича иқтисодиёти 7,5 триллион долларга баҳоланиб, Европа давлатлари орасида биринчи ўринга чиқади. Бу кўрсаткич номинал ЯИМга нисбатан қарийб уч баробар юқори экани қайд этилган.

Энг катта ўсиш Индонезия ҳисобига тўғри келади. Мамлакат ХҚП бўйича 5,4 триллион долларлик иқтисодиёт билан дунё рейтингида бир йўла ўн поғона юқорилаб, 17-ўриндан 7-ўринга кўтарилади.

Таҳлил муаллифлари таъкидлашича, ХҚП кўрсаткичи мамлакат ичидаги иқтисодий фаоллик ва аҳоли турмуш даражасини баҳолашда муҳим аҳамиятга эга. Номинал ЯИМ эса халқаро савдо, молия бозорлари ва давлатларнинг глобал иқтисодий таъсирини баҳолашда асосий мезон бўлиб қолмоқда.

Шу боис иқтисодиётнинг ҳақиқий кўламини англаш учун ҳар икки кўрсаткични биргаликда таҳлил қилиш энг тўғри ёндашув ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид