Ўзбекистон | 20:29 / 25.09.2019
34891
2 дақиқада ўқилади

БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистондаги коррупция таҳдиди ҳақида огоҳлантирди

Бугун, 25 сентябрь куни БМТ вакили Диего Гарсия-Саян Халқаро пресс-клубда меҳмон бўлди ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди. Ўз маърузасидан сўнг Гарсия-Саян журналистлар томонидан берилган саволларга ҳам жавоб бериб ўтди.

БМТ махсус маърузачиси суд ҳокимиятининг мустақиллиги борасида сўз юритар экан, бу борада Ўзбекистон жиддий қийинчиликларга юз тутаётгани ҳақида фикр билдирган.

«Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва ҳуқуқ устуворлигига жиддий таҳдидлар сақланиб қолмоқда. Ҳозирда ҳукумат ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлаш ва якунига етказиш ҳамда одил судловга етишиш имкониятларига таъсир этаётган, суд ҳокимиятининг мустақиллигига эришиш ҳаракатларига таҳдид солаётган амалиётга чек қўйиш учун тезкорлик билан ҳаракат қилиши лозим. Коррупция ва давлатдаги у билан боғлиқ бўлган жиноий структуралар давлат институтларига, жумладан суд тизимига ҳам жиддий таҳдид солмоқда.

Ўзбекистон жазосизликка қарши курашиш учун керакли тергов ва суд процедураларини жорий этиши лозим. Шунингдек, суд органлари ва прокуратурада етарли миқдорда ва ишончга лойиқ бўлган жамоалар мавжудлигини таъминлаб бериши лозим. Коррупция ва уюшган жиноятчилик билан боғлиқ бўлган ишларда хақиқатни аниқлаш учун айбига иқрор бўлиш ҳақида битим тузиш тўғрисидаги керакли ҳуқуқий нормаларнинг мавжуд бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга», дея махсус маърузачининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот ўрнида, махсус маърузачи ўз хулоса ва тавсияларидан иборат бўлган ҳисоботининг тўлиқ матнини 2020 йилнинг июнь ойида Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга тақдим этади.

Жаноб Диего Гарсия-Саян БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси вазифасини 2016 йил декабрида бошлади. Унга қадар кетма-кет икки муддат давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Америка давлатлари ўртасидаги суд судьяси бўлган.

Мавзуга оид