Жамият | 21:24 / 25.09.2019
7574
2 дақиқада ўқилади

Мирзо Улуғбек туманида яна дарахт кесувчилар «қўлга тушди»

Бугун, 25 сентябрь куни Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари ҳамда Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан ўтказилган рейд давомида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги «Катта Ялонғоч ота» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида дарахт кесаётган «тадбиркор»лар «қўлга тушди».

Мазкур маҳаллада яшовчи фуқаролар мурожаати асосида ўтказилган рейд давомида ҳудуддаги 5-кўп қаватли уйнинг ёнида 1 туп чинор дарахти «Туркистон иккинчи коммунал» ХУЖМШ томонидан рухсатномасиз кесилгани аниқланди.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарорига асосан дарахтлар ва буталарни санитария мақсадида кесиш улар табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари таъсирида зарарланган, қуриётган ёки қуриб қолган ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган, шохлари бетартиб ўсиши натижасида қўшилиб кетган ёки синган, шунингдек, авария ҳолатида бўлган ҳолларда амалга оширилади.

Бундан ташқари, кузатиш жараёнида ушбу маҳалладаги 3-кўп қаватли уйнинг олд томонида 1 туп гилос дарахти кесилгани ҳам ошкор бўлди.

Ҳозирда мазкур икки ҳолат бўйича Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид