Ўзбекистон | 21:20 / 25.09.2019
6718
2 дақиқада ўқилади

«Обод қишлоқ» дастури бўйича белгиланган бозор инфратузилмаси объектлари умуман рўйхатга олинмаган» – Қурилиш вазирлиги

Бугун, 25 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Обод қишлоқ» дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори ижроси қай тартибда амалга оширилаётгани юзасидан мутасадди вазирликлар иштирокида пресс-брифинг бўлиб ўтди. Қурилиш вазирлиги матбуот котиби в.б. Дилшод Жалолов қурилиш объектларини рўйхатга олиниши бўйича маълумот берди.

«Обод қишлоқ» дастури бўйича савдо-маиший ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси объектлари 2532тани ташкил этади. Ҳеч қайси вилоятда бундай объектлар рўйхатга олинмаган. Жой танланиши, бу объектларга тадбиркорларни жалб қилиш, лойиҳаларни тайёрлаш каби жараёнлар маҳаллий ҳокимликлар зиммасига тушади. Ҳудудий назорат инспекциялар томонидан бу ва бошқа объектлар қурилиши давомида жами 6 минг 866 марта назорат ишлари олиб борилган. Текширув давомида камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш бўйича 1 минг 624та ёзма кўрсатмалар буюртмачи, лойиҳа ва пудратчи ташкилотларга етказилган. 122та объект сифатсиз бажарилгани учун 2 млрд 233 млн сўм маблағ буюртмачи ҳисобидан чегириб қолинган. Наманган вилоятида энг кўп шундай ҳолат (13та) кузатилди. Қонунбузилиш ҳолати бўйича 53 нафар мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича иш олиб борилди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Жалоловнинг таъкидлашича, дастурда белгиланганлар орасида 3 минг 431та объект рўйхатдан ўтмаган. Бу рақам Жиззах вилоятида энг юқори кўрсаткични (344та) ташкил қиляпти. Рўйхатнинг кейинги етакчи ўринларида Қашқадарё (331та) ва Наманган (326та) вилоятлари турибди. Рўйхатдан ўтмаган коммуникация тармоқлари сони бўйича Хоразм вилояти биринчи ўринда эканлиги айтилди. 

Мавзуга оид