Жаҳон | 22:41 / 30.09.2019
28106
2 дақиқада ўқилади

Африкалик диктаторнинг ўғлидан мусодара қилинган машиналар 27 млн долларга сотилди

Фото: motor.ru

Швейцария прокуратураси Экваториал Гвинея президентининг ўғли, мамлакат вице-президенти Теодорин Нгема Обиангдан пул ювиш иши бўйича мусодара қилган 25 та ҳашаматли автомобилдан иборат коллекция Bonhams аукционида 27 млн швейцар франкига (27 млн доллар) сотилди.

Машиналардан энг қимматга кетгани оқ рангдаги 2014 йилги Lamborghini Veneno Roadster спорткари бўлди. Италян маркасининг 50 йиллик юбилейига бор-йўғи 9 дона ишлаб чиқарилган машина 750 от кучига эга бўлиб, 100 км/соат тезликка 2,9 сонияда эриша олади. Ушбу машина учун номаълум харидор 8,28 млн франк тўлаган. Бу машинанинг бошланғич нархи 5 млн долларга баҳоланганди.   

Фото: motor.ru
Фото: motor.ru
Фото: motor.ru

Шунингдек, Обиангга тегишли Aston Martin One-77 1,55 млн франкка, Koenigsegg One:1 эса 4,6 млн франкка сотилган. Bugatti Veyron EB 16.4 модели учун эса 1,3 млн франк олинган. Аукцион уйи вакилининг таъкидлашича, бир нечта автомобилни БААлик коллекционер харид қилган.

Обиангнинг автомобиллари пул ювиш бўйича унга қарши олиб борилган иш доирасида бир неча йил аввал мусодара қилинган. Унга қарши ишнинг тўхтатилиши шартларидан бири автомобилларнинг Швейцария ҳукумати фойдасига топширилиши бўлган. 

Олинган пуллар Экваториал Гвинеяда нотижорат жамғармалари томонидан амалга оширилаётган ижтимоий дастурларга йўналтирилади.

Мавзуга оид