12:51 / 30.09.2019
1
6713

«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» томонидан қандай ишлар амалга оширилди?

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан Фарғона вилояти ҳудудида фаолият юритаётган матбуот ходимлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

У президентнинг 2019 йил 27 июндаги ПҚ–4366–сонли “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора–тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, электр тармоқлари корхоналарига оид ҳукумат қарорларининг мазмун моҳиятини кенг оммага етказиш, қарорларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда кенг ёритиб бориш самарадорлигини янада ошириш мақсадида ташкил этилди.

Анжуманда президентнинг 2019 йил 30 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2019/2020 йиллар куз–қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора–тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4407–сонли қарорига мувофиқ, вилоятнинг туман ва шаҳарларида олиб борилаётган тайёргарлик ишлари ёритиб берилди. 

Хусусан, соҳа мутахассисларининг ахборотига кўра, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан қабул қилинган “Электр узатиш тармоқларини жорий ҳамда мукаммал таъмирлашни 2019 йилга мўлжалланган режа дастури”га асосан, “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан жорий йил давомида жами 753,75 км узунликдаги 0,4–110 кВли электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирдан, 15 068,8 км узунликдаги 0,4–110 кВли электр узатиш тармоқлари жорий таъмирдан чиқарилди. 1 413,9 км узунликдаги 0,4–6–10 кВли электр узатиш ҳаво тармоқлари дарахт шохларидан тозаланди, 4 621 дона 6–10/0,4 кВли трансформатор пунктлари жорий таъмирдан чиқарилди.

Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” дастури бўйича 2019 йилда Фарғона вилоятида 45 та маҳалла фуқаролар йиғинида 60 та трансформатор пунктлари, 117,49 км узунликдаги электр узатиш тармоқларини  реконструкция ва модернизация қилиш режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар 41 та трансформатор пунктлари, 72,0 км узунликда электр узатиш тармоқлари янгилаш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. 

“Обод маҳалла” дастури бўйича Фарғона вилоятида 15 та маҳалла фуқаролар йиғинида 11 та трансформатор пунктлари, 30,9 км узунликдаги электр узатиш тармоқларини  реконструкция ва модернизация қилиш  режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар, 27,6 км электр узатиш тармоқлари ва 7 та трансформатор пунктлари реконструкция қилинди.

Шунингдек, анжуман давомида оммавий ахборот воситаларининг фаолияти учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш фаолиятининг самарадорлигини тубдан яхшилаш мақсадида жамиятнинг туман (шаҳар) электр таъминоти корхоналарида Матбуот хизматлари ташкил этилганлиги ҳамда ҳозирги кунда масъул ходимлар томонидан маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top