Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наманганда Саудия Арабистони ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум бошланади
1-2 октябрь кунлари Наманганда Наманган вилояти ва Саудия Арабистони ишбилармон доиралари иштирокидаги йирик бизнес-форум бўлиб ўтади. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Форумда иштирок этиш Саудия Арабистони бош инвестицион бошқармаси бошлиғи Бадир Муҳаммад Алмуфгай бошчилигидаги 30 га яқин йирик ишбилармонлардан иборат араб делегацияси Наманганга келмоқда.
Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган форумнинг биринчи куни меҳмонлар Наманган вилоятидаги қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари билан танишишади. Саудия Арабистони делегацияси вилоят ҳокими томонидан қабул қилинади.
2 октябрь куни Тўрақўрғон туманида Форумнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Форум доирасида Наманган вилояти ва Саудия Арабистони ишбилармонлари ўртасида B2B ва B2G форматида учрашувлар ҳам ўтказилади.
Шунингдек, форум кунларида Наманганда ишлаб чиқарилган саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ҳам ташкил этилади.
Форум якунида араб ишбилармонлар билан қатор инвестицион шартномалар ва келишувлар имзоланиши кутилмоқда.