Ўзбекистон | 23:09 / 01.10.2019
32101
3 дақиқада ўқилади

«Бу бошқа федерациялар ҳам уйғонсин дегани» - Президент боксчиларни тақдирлаш маросимида

30 сентябрь куни Кўксаройда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев боксчиларни юксак натижалар билан қутлаб, уларнинг иштирокларидан фахрланганини айтиб ўтди.

Учрашув давомида Шавкат Мирзиёев спортчиларнинг сўзларидан сўнг ҳазиллашишга ҳам улгурди. Тақдирлаш маросимида 1999 йили АҚШнинг Ҳьюстон шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионати ғолиби Ўткир Ҳайдаров ҳам қатнашиб, нутқ сўзлади. Боксчиларнинг иштироклари ҳақида илиқ фикрлар билдирган Ҳайдаров «Олимпиада ўйинларида бўлак спортчиларга ҳам омад тилайман», дея сўзини якунлади.

Президент жаҳон чемпионининг бу гапидан сўнг ҳазил оҳангида бошқа федерацияларга ҳам мурожаат қилди: «Бўлак деганини андижонча тушуниш керак, бўлак дегани бошқа федерациялар ҳам, уйғон дегани. Мен топшириқ бердим, ҳар бир вилоятда биттадан спорт мактаби яратамиз. Спорт бу жуда катта куч-қудрат, намуна. Биз илмга, спортнинг ҳар бир турига чанқоқ ёшларни ўз вақтида бағримизга олсак, бу ютуғимиз бўлади. Биз футбол бўйича катта қарор тайёрлаяпмиз, бокс бўйича ҳам  қарорнинг концепциясини ишлаб чиқишга тайёрланяпмиз. Ҳар бир туманда битта мактабни боксга йўналтириб, концепцияда шу нарсани кўрсатамиз. Мана, ҳозир сўзга чиққан Ўткирбекнинг ўз мактаби бор, сизлар ҳам шунга интилинглар, билганингизни ёшларга ўргатинглар»,— деди Шавкат Мирзиёев.

Президент боксчиларнинг устозларига ҳам мурожаат қилиб, уларнинг меҳнатини қадрлашини айтди: «Шогирдларингиз билан ҳар қанча фахрлансангиз, арзийди. Айтишга осон, лекин бунинг устида қанча машаққат борлигини фақат сизлар биласиз. Сизларга яна бир бор катта раҳмат. Федерацияга ҳам алоҳида раҳмат демоқчиман. Энди бутун жаҳон бизга қарши катта тайёргарлик кўради, энди орқага йўл йўқ. Энди кичкина-кичкина спорт залларида ўзбек боксига қарши кураш кечмоқда. Дунё сизнинг услубингизни илмий ўрганмоқда. Олдимизда Олимпиада турибди, Худо ўша кунларда ҳам сизларни табриклашни насиб қилсин»,— деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид