Ўзбекистон | 11:55 / 01.10.2019
3908
2 дақиқада ўқилади

ТИВ: Меҳнат муҳожирларининг мурожаатлари билан ишлашда буйруқбозлик ва сансалорликка йўл қўйиб бўлмайди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 28 сентябрь куни ТИВда бош вазир маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти мудири Комил Рашидов, Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Вазирлик хабарига кўра, йиғилишда видеоалоқа воситасида мамлакатнинг элчилари ва консуллари ҳам иштирок этди.

Президентнинг 2019 йил 20 августда қабул қилинган «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида»га фармонини ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини бажаришнинг бориши муҳокама қилинди.

Шу нуқтаи назардан, дипломатик ва консуллик ваколатхоналарнинг хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга кўмаклашиш, уларнинг адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳамда ушбу вазифаларни умумэътироф этилган халқаро конвенциялар ва икки томонлама битимлар асосида ташкил этишдаги роли алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг мазкур йўналишдаги ишларнинг ижроси борасидаги ҳисоботлари эшитилди.

Барча алоқадор шахсларга меҳнат муҳожирларининг барча масалаларини ҳал қилишга уюшқоқлик ва масъулият билан ёндашиш топширилди. Меҳнат муҳожирларининг мурожаатлари билан ишлашда буйруқбозлик ва сансалорликка йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланди.

Тадбирда мавжуд масалалар ва муаммоларни ҳал этишнинг амалий жиҳатлари ва механизмлари ҳам кўриб чиқилди, дейилади маълумотда. 

Мавзуга оид