Ўзбекистон | 21:25 / 02.10.2019
42722
2 дақиқада ўқилади

Вазир беморнинг яқинлари тажовузига учраган шифокор ҳолидан хабар олди ва Бош прокурорга мурожаат қилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 6-подстанциянинг тез тиббий ёрдам шифокори Жаҳонгир Ҳожиевнинг ўзига нисбатан бемор яқинлари томонидан тажовуз қилингани ҳақидаги мурожаати эълон қилинган эди. Унда шифокор беморнинг қариндошлари томонидан ҳақоратланиб, унга жароҳат етказилгани ҳақида айтилганди.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов айни пайтда 7-клиник шифохонада даволанаётган Жаҳонгир Ҳожиев ҳолидан хабар олди, унинг соғлиғи билан қизиқди. Республиканинг етакчи мутахассислари билан консилиум ўтказиб, ушбу шифокор соғайиб кетиши учун лозим бўлган барча чора-тадбирларни кўриш юзасидан топшириқлар берди. Ва шу куннинг ўзида унга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳридаги 7-клиник шифохонадан Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига даволаниш учун кўчирилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Вазир ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, ўзгаларга шифо бахш этаётган, инсонлар дардига дармон бўлаётган шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилиш учун алоҳида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш вақти аллақачон келганини, елкасига улкан масъулиятни олиб, инсон саломатлиги йўлида тун-у кун хизмат қилаётган касб эгаларига нисбатан бўлаётган салбий муносабатларни ўзгартириш зарурлигига эътибор қаратди. Энг муҳими, ҳар бир тиббиёт ходими меҳнат фаолияти, ҳақ-ҳуқуқи вазирлик ҳимоясида эканини таъкидлади. Шунинг учун ҳам Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов шифокорларга тажовуз қилиш каби иллатнинг олдини олишнинг энг самарали йўлларидан бири сифатида тиббиёт ходимига нисбатан содир этилаётган ҳар бир ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун қатъий жавобгарликни кучайтириш баробарида уни назоратга олиш кераклиги бўйича шу йилнинг 2 октябрида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилди.

Ўз навбатида Жаҳонгир Хўжаев тиббиёт ходимлари обрўсини юксалтириш йўлида ҳамиша ўз ҳиссасини қўшишини қатъий билдириб ўтди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид