Кеча «Интер» айниқса, биринчи бўлимда идеал ўйин кўрсатди. Италияликлар бемалол уч очко олиб кетишлари ҳам мумкин эди, агар Суареснинг ажойиб зарбаси биринчи голга, Мессининг рейди иккинчи голга айланмаганда. Бундан «Барселона» ўйини ҳақида умумий хулоса пайдо бўлади – алоҳида футболчиларнинг индивидуал маҳорати жамоага ғалаба олиб келмоқда. «Барселона» ўйинида Вальверденинг чизгилари йўқ, буни масалан, Испания чемпионатида, етакчилар жароҳат олиб, ёрдам бера олмаганда ҳам кўрдик. Бу жуда оддий мулоҳаза.

Вальвердени шундай оқлаш мумкинки, нафақат «Барселона», балки исталган топ-клубда ҳам, агар ҳужум чизиғидаги асосий уч футболчини олиб қўйса, ўйин сифатига путур етади, натижалар ёмонлашади. Агар Мессининг дунёнинг энг яхши ўйинчиси, Суарес энг яхши ҳужумчилардан бири эканини эътиборга олсак, зарар нисбатан каттароқ бўлишини қабул қилиш мантиқан осонроқ. Вальвердеда айб йўқдек, ахир унга Месси ва Суаресни бериб, биратўла, Мессисиз ва Суарессиз ҳам ўйнай олишни ўрган, дейилса, нафақат у, балки ҳар қандай топ мураббий учун ҳам ўта мушкул вазифа, тўғрими?

Иккинчидан. «Барселона»нинг «Бетис» билан ўйини ёдингизда бўлса керак. 5:2 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинда «Барселона» футболчилари 65 марта тўпни олиб қўйиш, эгаллаш, блок қўйиш каби ҳаракатларни амалга оширишган ва бундан 50таси рақиб майдонида рўй берган. Биртепар усулидан ташқари, айнан ўша ўйинда «Барселона» Вальверденинг «Атлетик»даги фаолиятини эсга солиб юборганди – йўқотилган тўпга тезлик билан реакция қилиш. Олдинги чизиқда ҳаракат қилган учлик – Гризманн, Перес ва Рафинья биргаликда 10 марта рақибдан тўпни олиб қўйишган. Бундай кўрсаткичларнинг асосий сабаби эса, майдонда жамоанинг асосий ҳужумчилари Месси ва Суарес йўқлигида эди. Шубҳасиз, Месси ва Суарес билан бундай фаолликка эришиш иложсиз. Хўш, мана шу сабаб билан Суаресни захирага ўтказиш мумкинми? Йўқ, Суарес доим Месси билан тандем бўлади, Гризманн эса, энди уч киши учун ҳаракат қилишга мажбур. «Бетис»га қарши ўйин эса, шунчаки, вазият тақозоси эди – айнан мана шундай вазият тақозоси билан биз ҳақиқий мураббий Вальвердени кўришимиз мумкин бўлади холос.

Мисол учун, Поль Погбанинг «Манчестер Юнайтед»даги ўрни ҳали ҳам баҳсли – у жамоага фойда келтирадими ёки зарар, аниқ айтиш қийин. Шуниси шубҳасизки, Погба қайсидир маънода «Манчестер»нинг ривожланишини секинлатмоқда. У жамоа таркибидаги ягона жаҳон савиясидаги футболчи, фақат у йўқ жойдан вазият ярата олади, у майдонда бўлмаса, «МЮ»нинг ҳужумдаги даражаси бир неча баробар тушиб кетади, рақиб ишини осонлаштиради. Шу билан бирга, унинг ҳимояланишдаги дангасалиги, кўпинча ўз позициясини ёки ўйинчисини йўқотиб қўйиши шерикларини қийнаб юборади, кўп ҳолатда, ўтказиб юборилган голларга ҳам сабаб бўлади. Хўш, мураббий Погбанинг сонияларда яратиши мумкин бўлган вазиятларидан умид қилиб, камчиликларга кўз юмиши керакми ёки Погбасиз вариант устида ишлаши лозимми? Қизиғи, қайси «Манчестер Юнайтед» кучлироқ бўлишини айтиш ҳам қийин – баъзида жамоа Погба билан майдонда жуда ёмон ўйин кўрсатса, баъзида Погбасиз ҳам топ-ўйинларда ғалаба қозониши мумкин. Аниқ ўйинда қайси бири содир бўлишини ҳам айтиб бўлмайди. Таркибда Погба мавжуд бўлган ҳолатда эса, Погбасиз жамоа қуришга уриниш қандай оқибатларга олиб келишини Моуриньо мисолида кўрдик, масалан.