3 октябрга ўтар кечаси Европа Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 2-тури доирасида яна 4та гуруҳда 8та ўйин бўлиб ўтди.

H гуруҳи
Лэмпард болаларининг муваффақияти

Лилль — Челси — 1:2 (Осимхен, 33 — Абраҳам, 22. Виллиан, 77).

Фрэнк Лэмпард ишонч билдираётган ёшлар натижа келтиришда давом этмоқда. У ўзи билан бирга «Дерби»дан олиб келган Томори ўтган мавсумда бекорга чемпионшипнинг энг яхши футболчиси бўлмаганини исботламоқда. У ЕЧЛ ўйинида ўтган мавсумда чемпионшипнинг энг яхшиларидан бири бўлган яна бир футболчи Абраҳамни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқарди. Бу 22 ёшли тўпурар ҳужумчининг туғилган кунига совға бўлди, дейиш ҳам мумкин.

Ўз навбатида «Лилль» ҳам янги талантларни кашф этишдан тўхтамаяпти. Французларнинг янги иқтидори Луиз Араужунинг зарбаси фақатгина Кепанинг маҳорати туфайли голга айланмай қолган бўлса, дарвозабон мезбонларнинг бошқа бир ҳужумчиси, Франция чемпионатининг жорий мавсумдаги энг яхши тўпурари бўлиб турган Осимхеннинг зарбаси қаршисида ожиз қолди. Лэмпард жамоасининг заиф нуқтаси - ҳимоя чизиғи бўлиб қолмоқда: унинг бошқарувидаги ўйинларнинг атиги 22 фоизидагина жамоа дарвоза дахлсизлигини сақлай олган.

Аммо иккинчи бўлимда тажриба ёшликдан афзаллиги ўз исботини топди. Шу куни «Челси» сафида юбилей - 300-ўйинини ўтказган Виллиан узоқ масофадан ҳаводаги тўпни тўхтатмасдан берган зарбаси билан ўйин тақдирини ҳал қилди. Газонга сапчиб йўналишини ўзгартирган бу зарбага қарши тажрибали дарвозабон Маньяма ҳеч нарса қила олмади. Ўйиннинг қолган дақиқаларида Кепа яна бир неча бор маҳоратини намойиш этишига тўғри келди, вазиятлардан бирида у Осимхеннинг оёқлари остидаги тўпни олиб қўйди, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида эса ўз хатоси туфайли хавфли тус олган ҳужумни тўхтатди-ю Лэмпардда турнирдаги илк ғалаба!

Валенсия — Аякс — 0:3 (Зиёш, 8. Промес, 34. ван де Бек, 67).

Мезбонлар мураббийи Денис Черишев ёки Ли Кан Инни эмас, Гонсалу Гедешни ўйиннинг илк дақиқаларидан майдонга туширди. Лекин айнан унинг қанотидан уюштирилган ҳужум гол билан якунланди. «Кўршапалаклар» ҳимоячилари Зиёш узоқ масофадан қандай зарба бера олишини унутган кўринишади.