МТВдан янги лойиҳа: «Ақлвой» мобиль МТТлари республика бўйлаб йўлга чиқди
Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 16 та қайта жиҳозланган автобуслар, болалар майдончалари бўлган иккита автотураргоҳ ва 2 та модулли МТТ тақдим этилди. Мазкур мобиль ва модулли мактабгача таълим муассасалари оддий МТТларни қуриш имконсиз бўлган чекка қишлоқ жойлари, тоғли ҳудудлар ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари учун мўлжалланган.
Ушбу кўчма МТТлар тақдимотида мактабгача таълим вазири Агриппина Шин сўзга чиқиб, республика бўйича мактабгача таълим қамрови юзасидан маълумот бериб ўтди.
«2018 йилда мактабгача таълим қамрови шу ёшдаги 2 ярим миллион боланинг 27 фоизини ўз ичига олган бўлса, 2019 йилнинг январигача бу қамров 34 фоизга етказилди. Айни пайтда эса 43 фоиз болаларимиз мактабгача таълим олиш имконига эга.
Албатта, бу жараёндаги ўсиш ўз-ўзидан бўлмаган. Соҳадаги ҳар бир ходим, ҳар бир педагог меҳр билан меҳнат қилмоқда. Айни пайтда Мактабгача таълим вазирлигининг олдида турган энг катта вазифа мамлакатдаги ҳар бир болани сифатли мактабгача таълим билан таъминлашдан иборат», деди у.
Вазир ташкилотнинг икки йиллик фаолияти давомида республика миқёсида 120 та янги давлат МТТлар очилгани, бироқ бу етарли эмаслиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, Тошкентда шу ёшдаги болалар мактабгача таълим билан 80,6 фоиз қамраб олинган бўлса, пойтахт ва йирик шаҳарлардан ташқарида бу кўрсаткичлар анча паст. МТТга бормайдиган болалар 90 фоизни ташкил этадиган ҳудудлар ҳам мавжуд.
«Албатта, марказий ҳудудларда мактабгача таълим олиш учун ҳамма имконият бор. Бироқ чекка ҳудудлардаги болалар ҳақида ҳам қайғуришимиз зарур. Кўчма ва модулли болалар боғчаларининг ташкил этилиши минтақалардаги мактабгача тарбия ташкилотларининг кучли етишмовчилигини пасайтириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Қурилиш - узоқ вақт талаб қиладиган ва қимматга тушадиган жараён бўлиб, баъзи жойларда электр ва канализация билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, болаларнинг етарлича бўлмаслиги сабабли бу жараён ҳозирча имконсиз. Бундан ташқари, сифатли таълим ҳам талаб этилади, ахир мактабгача таълим ёшидаги болада ақлий фаолликка бўлган эҳтиёж кескин ортади», - дея мактабгача таълим вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ташкилотчиларнинг маълумотига кўра, рекорд даражадаги қисқа вақтда жорий этилишидан ташқари, мактабгача таълимнинг бу каби муқобил шакллари камроқ харажат талаб қилиши билан ҳам ажралиб туради.
Узоқ ва чекка ҳудудларда жуда озчиликни ташкил этувчи болалар учун оддий МТТ қуришдан кўра, 7 та модулли ёки 7 ҳаракатланувчан (автобуслар ёрдамида) МТТларни жорий этиш ўша ҳудудларда яшовчи болаларни мактабгача таълим билан тезроқ қамрашга кўмак беради.
МТВ Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва юритиш бош бошқармаси ва «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан амалга оширилган ушбу кўчма МТТлар 16 та қайта жиҳозланган автобус, болалар майдончалари бўлган иккита автотураргоҳ ва 2 та модулли МТТдан иборат.
Isuzu HC 40 русумли автобуслар асосидаги МТТлар белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатланади. Кўчма гуруҳларда бўлиш муддати эса 3 соатдан ошмайди ва 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган максимал 16 нафар бола бир пайтнинг ўзида қамраб олинади. Дарсларни барча тарбияланувчилар учун қизиқарли қилиш мақсадида МТВ мутахассислари томонидан турли ёшдаги гуруҳлар учун махсус дастурлар ишлаб чиқилган, ўқитувчилар эса тегишли тайёргарликдан ўтказилган.
Ўқув-тарбиявий жараён икки сменада, мажбурий овқатланишсиз, лекин енгил тамаддини иситиш имконияти билан амалга оширилади. Машғулотларнинг катта қисми очиқ ҳавода ўтказилиши режалаштирилган. Бунинг учун йўналишнинг ҳар бир нуқтасида чодир, тўсиқлар, ўриндиқлар, тепаликлар, арғимчоқлар, ўйин уйчалари ва қум майдончаси билан жиҳозланган автотураргоҳ бўлади.
Бундан ташқари, модулли мактабгача таълим ташкилотлари бир-бирига боғланган тўртта денгиз контейнерларидан иборат. Асосий жой болалар мебеллари, ўйинчоқлари ва ўқув материаллари билан жиҳозланган машғулот ва ўйин майдони учун ажратилган. Тўлиқ кунлик гуруҳлар учун енгил бўлган, йиғилувчи кроватлар ҳам мавжуд.
Мобиль МТТлар лойиҳаси республика бўйича 44 та манзилдаги 2 минг нафар болакайни қамраб олади. Шунингдек, улар барча зарур нарсалар билан жиҳозланган: ҳожатхона, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, тайёр овқатни иситиш учун ошхона, кондиционерлар шулар жумласидан. Автобусларнинг том қисмига қуёш батареялари ўрнатилган.
Мазкур мобиль ва модулли МТТларда таълим олиш бепуллиги билан ҳам аҳолига анча қулайлик яратиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ушбу пилот лойиҳа доирасида кичик аҳоли пунктларида контейнерлардан иборат бўлган МТТлар пайдо бўлади. Модулли МТТларни қуриш ишлари атиги икки ойни ташкил этади, бу одатий бинонинг қурилишидан анча тезроқ. Уларнинг майдонини қўшимча блоклар ёрдамида осонгина катталаштириш ёки қисмларга ажратиб, янги жойга кўчириш мумкин.
«Бу лойиҳанинг номи ҳам рамзий: «Ақлвой». Биз бу ном устида узоқ ўйладик. Ва айтишимиз мумкинки, бу вазирлигимизнинг биринчи қалдирғоч автобуслари, улар жамиятга билимли болаларни тарбиялаб бериш учун бутун республика бўйлаб йўлга тушади», дея таъкидлади Агриппина Шин.
Мавзуга оид
20:40 / 09.07.2024
Агриппина Шин Тошкентдаги Пучон университетига ректор этиб тайинланди
09:28 / 24.03.2023
Агриппина Шин Мактабгача таълим агентлиги директори этиб тайинланди
19:20 / 15.12.2022
Агриппина Шин: Тарбиячиларнинг маошини ошириш учун йилига 2,5 трлн сўм керак
18:56 / 15.12.2022