Ўзбекистон | 16:14 / 04.10.2019
13841
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда дам олиш кунлари қандай об-ҳаво кутиляпти?

Фото: KUN.UZ

Бугун Ўзбекистоннинг жануби-шарқий қисми Туркманистон ҳудудлари устида шаклланган баландликдаги циклон билан боғлиқ нам ҳаво оқимлари таъсирида бўлади, деб хабар бермоқда «Ўзгидромет».

Қайд этилишича, республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қашқадарё вилояти ҳамда Сурхондарё вилоятида баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин, Самарқанд вилоятида кечга бориб кучсиз ёмғир ёғиши кутилмоқда. Айрим жойларда шамолнинг тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди. Кундузги ҳаво ҳарорати 22-27 даражани ташкил қилади. 

Бугун тунда ва шанба куни нам ҳаво оқими республиканинг марказий қисмига ҳаракат қилади, шу сабабли Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва республиканинг тоғли ҳудудлари бўйича айрим жойларга ёмғир ёғиши мумкин. Қолган ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси 8-13 даража атрофида бўлади, кундузи 2 даражага бир оз пасайиб, 20-25 даражани ташкил қилади. Бу меъёрга яқин кўрсаткичдир.

Якшанба куни республика бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат айрим тоғли ҳудудларда об-ҳаво ўзгариб туради. Ҳаво аста-секин исий бошлайди.

Мавзуга оид