Жаҳон | 15:48 / 06.10.2019
6936
2 дақиқада ўқилади

Times: Жонсон ҳар қандай ҳолатда ҳам истеъфога чиқмоқчи эмас

Фото: Peter Summers/Getty Images

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ҳатто ҳукуматга ишончсизлик вотуми эълон қилинса ҳам истеъфодан бош тортади ва мамлакатни 31 октябргача ЕИ таркибидан чиқариш учун қўлидан келганини қилади. Бу ҳақда The Sunday Times газетаси хабар берди.

Нашрнинг Жонсоннинг яқин ёрдамчиларига таяниб ёзишича, бош вазир Брюссель унинг Brexit бўйича яхшиланган режасини рад этса ва Британия депутатлари ундан янги қонунни бажаришни талаб қилса ҳам таслим бўлиш ниятида эмаслигини айтди.Агар томонлар 19 октябрь куни келишувга эришмаса, у ҳукуматни ЕИдан Brexit бўйича музокараларни уч ойга, 2020 йил 31 январгача узайтиришни сўрашга мажбур қилади.

"Полиция Даунинг стрит 10га бош вазирни ҳибсга олиш тўғрисида буйруқ билан келмагунига қадар у кетмайди", дея Жонсоннинг ёрдамчиси сўзларидан иқтибос келтиради The Sunday Times. Газетанинг ёзишича, бош вазир қиролича Елизавета II га истеъфо тўғрисида ариза беришдан кўра уни ишдан бўшатишини таклиф қилади.

2 октябрь куни Жонсон Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкерга Brexit битимини тузишда асосий тўсиқ бўлиб турган Шимолий Ирландия чегараси бўйича янги таклифларни тақдим этди. ЕИ Британия ҳукуматининг ташаббусларини ортиқча ҳаяжонсиз қарши олди ва унда Лондон ҳал қилиши керак бўлган муаммоли ҳолатлар мавжудлигини қайд этди. Агар томонлар 16-17 октябрь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИ саммитида келишувга эриша олмаса, Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши яна кечиктирилиши мумкин. Жонсоннинг ўзи кечиктиришни талаб қилишдан кўра у "ҳандақда ўлиб ётиш"ни маъқул кўришини бир неча бор таъкидлаганди.

Мавзуга оид