Жамият | 23:31 / 07.10.2019
154697
5 дақиқада ўқилади

Андижондаги 50-мактабда ўқитувчиларни дўппослашди. Муаллимларнинг жароҳати жиддий

Математика фани ўқитувчисининг эри дўсти билан бирга мактабга келиб, директор ўринбосари ва навбатчи муаллимни дўппослагани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳридаги 50-мактабда ўқитувчиларни уриб жароҳат етказишгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz ҳодиса юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси билан боғланди.

Бошқарма томонидан берилган маълумотга кўра, 5 октябрь куни Андижон шаҳридаги 50-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 2-сменасида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ш.Ўрмонов ва Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Ғ.Ашуров томонидан кийиниш маданиятига риоя қилмаган ва дарсга кеч қолган математика фани ўқитувчиси Д.Юсуповага оғзаки огоҳлантириш берилади. Улар ўртасида тортишув юзага келган. Д.Юсупова мактаб мутасаддиларига турмуш ўртоғи келиб уларни тартибга келтиришини айтади.

Натижада, соат 13:35ларда Д.Юсупованинг турмуш ўртоғи дўсти билан мактабга бостириб кириб, директор ўринбосари Ш.Ўрмонов ва Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Ғ.Ашуровларни мактаб кириш қисмида темир таёқлар билан дўппослашган. Шу пайтда уларни ажратишга уринган ўқитувчиларни ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларга ҳам қўл кўтаришга уринганлар.

Ушбу ҳолат бўйича зудлик билан шошилинч тез тиббий ёрдамга ҳамда ҳудудий профилактика инспекторларига хабар берилган. Профилактика инспекторлари Д.Газиев ва Н.Раҳмоновлар соат 14:00ларда келганида Д.Юсупованинг турмуш ўртоғи ҳамда унинг дўсти ҳодиса содир этилган жойдан кетиб бўлишган эди.

Мактабнинг директор ўринбосари Ш.Ўрмонов, ўқитувчи Ғ.Ашуровлар шошилинч тез тиббий ёрдам навбатчи шифокорлари томонидан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига олиб борилган.

Шифокорлар хулосасига кўра, Ш.Ўрмоновда мия чайқалиши, бурун синиши, ўнг кўзи атрофи ҳамда оёқларининг тизза қисми қаттиқ зарбада жароҳатлангани; Ғ.Ашуровда мия чайқалиши, бурун ва икки тиш синиши, бадани ҳамда чап қўлининг зарбадан каттиқ жароҳатлангани аниқланган.

Барча муолажалари ўз вақтида қилинганлиги сабабли ҳозирда жабрланувчиларнинг соғлиғи яхши, доимий шифокорлар назоратида.

Ҳодиса бўйича Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.

Kun.uz мухбири жабрланган ўқитувчилар билан боғланди. Маълум бўлишича, 50-мактабнинг директор ўринбосари Ш.Ўрмонов ва ўқитувчи Ғ.Ашуров айни пайтда Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиалининг травматология бўлимида даволанмоқда.

Ғ. Ашуровнинг ҳолати бироз жиддийроқ, Ш. Ўрмоновнинг ҳолати эса нисбатан яхши эканлиги боис, Ўрмонов билан телефон орқали суҳбатлашдик.

«Директоримиз Умаров айни пайтда малака оширишда бўлганлиги учун мен вақтинчалик директор вазифасидаман. 5 октябрь куни, 2-смена дарслари бошланишидан олдин мактабга келаётган ўқувчиларни қабул қилаётган вақтда, мактабимизда ишловчи ўқитувчи аёл билан ота-оналарга ўхшаб кийинган бир аёл кириб келаётган эди.

Улар билан сўрашгач, билсам, иккинчи аёл мактабимизга яқинда «часовой» дарс ўтиш учун ишга кирган Д. Юсупова экан. Унинг усти-боши мактаб ўқитувчисига мос равишда эмасди. Жуда ҳарир либос кийган экан. Унга, ўқувчиларга хос кийиниш маданияти ҳақида гапирдим. Ёнимда директор ўринбосари Набижонова, навбатчи Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Ғ.Ашуров ҳам бор эди.

Д. Юсупова эътироз билдирди. Навбатчи Ғ. Ашуров ҳам «раҳбаримиз бўлади, тўғри тушунинг» деб гапирди. Юсупова жаҳл  билан гапиришни бошлади. Мен, «Барча ўқитувчиларга кийиниш маданияти бўйича эслатма берамиз», дедим. Юсупова: «Эримни чақираман, сенлар билан жиддий гаплашиб қўяди», деб кимгадир қўнғироқ қилиб, воқеани бутунлай бошқача тушунтирди.

10 дақиқа ўтмасдан етиб икки киши келди. Мен уларга ҳолатни тушунтирай, деб гапни бошлагандим, Юсупованинг эри қўққис юзимга кучли зарба билан мушт туширди. Ашуров аралашган эди, Юсупова билан келган эркакни қўлида темир таёқ (уни «бита» дейишар экан) билан уни дўппослай кетишди. Ажратишга уринган аёл ўқитувчиларимиз ҳам жабр кўришди.

Мен 50га яқинлашиб қолдим. Муштлашадиган ёшда эмасман. Биринчи мушт тушгандан кейин ўзимга кела олмадим. Қон босимим борлиги сабаб ҳолатим оғирлашди. Улар Ғ. Ашуровни анча дўппослашди. Унинг аҳволи анча оғир. Мияси чайқалиб, иккита тиши синган, бурни ҳам синган, бел-оёқ соҳалари ҳам анча шикаст еди. Ҳозир унинг бурнига бинт тиқиб қўйилган.

Тўс-тўполон кўп вақт давом этди. Кейин ИИБ ходимлари келди. Бизни шифохонага олиб келишди. Тиббиёт ходимлари назоратидамиз. Муолажалардан сўнг аҳволимиз анча яхшиланиб қолди», дейди Ш.Ўрмонов.

Воқеа кўплаб ўқувчилар кўз олдида содир бўлган. Айни пайтда Андижон шаҳар ички ишлар ходимлари томонидан икки шахс устидан терговга қадар текширув ишлари бошланган.

Мавзуга оид