Ўзбекистон | 07:43 / 08.10.2019
12867
2 дақиқада ўқилади

19 нафар бола заҳарланган Бекободдаги боғчада мудира, ошпаз ва ҳамшира ишдан бўшатилди

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент вилояти, Бекобод туманидаги 15-сонли МТТ тарбияланувчиларида кузатилган ўткир диарея ва гастроэнтеритнинг келиб чиқиш сабаблари батафсил ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги қошидаги Республика ДСЭНМ хулосасига кўра, болаларда кузатилган ўткир диарея ва гастроэнтеритга таом тайёрлаш технологиясининг қўпол тарзда бузилиши, номувофиқ таомнома ҳамда овқатланиш бўлими ва МТТнинг бошқа ходимлари (тарбиячилар ва тарбиячи ёрдамчилар) томонидан санитария-гигиена қоидаларига амал қилмаганлиги сабаб бўлган.

15-сонли МТТ мудираси Моҳира Раҳматуллаева, ошпаз Шоҳида Қаҳрамонова ва ҳамшира Мавлуда Эргашева лавозим мажбуриятларини бажармаганлиги ва лоқайд хатти–ҳаракати натижаси оқибатида болалар соғлиғига зарар етказилганлиги сабабли, эгаллаб турган лавозимларидан озод этилдилар.

27 сентябрдан 6 октябргача МТТ фаолияти вақтинчалик тўхтатилган. Ташкилотда умумий тозалаш, дезинфекция тадбирлари ва МТТдаги санитария-техника воситаларини таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ходимларга санитария нормалари ва қоидалари бўйича 3 кунлик ўқиш ташкил этилган.

МТТ 7-октябрдан бошлаб ишга тушди ва тарбияланувчиларни яна қабул қила бошлади, дейилади вазирлик маълумотида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид