Ўзбекистон | 20:15 / 08.10.2019
10020
3 дақиқада ўқилади

Геология қўмитаси Зармитан геология-қидирув экспедицияси ходимлари маошсиз таътилига чиқарилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси «Зармитан геология-қидирув экспедицияси»нинг 350 нафар ходими ойлик маоши сақланмаган ҳолда таътилга чиқарилгани юзасидан тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Қўмита хабарига кўра, 8 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Зармитан қўрғонида жойлашган «Самарқандгеология» Давлат унитар корхонасига қарашли «Зармитан геология-қидирув экспедицияси»нинг 350 нафар ходими ойлик маоши сақланмаган ҳолда таътилга чиқарилгани айтилган видеомурожаат эълон қилинган.

«Видеомурожаатда келтирилган ҳолатларнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигига ойдинлик киритиш мақсадида Давлат геология қўмитаси томонидан махсус Ишчи гуруҳ тузилди ва дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш якунларига кўра видеомурожаатда тилга олинган ҳолат ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланди.

Видеомурожаат муаллифи Ҳабиба Тошбоевна «Зармитан геология-қидирув экспедицияси»нинг ишчи ходими эмас, айни пайтда Туркия давлатида истиқомат қилаётгани аниқланди.

8 октябрь куни «Самарқандгеология» Давлат унитар корхонаси раҳбарияти, Қўшработ туман адлия бўлими бош мутахассиси Ж.Қаршиев, Қўшработ туман бандликка кўмаклашиш маркази ёрдамчи ҳуқуқ инспектори Х.Ҳамроев, Қўшработ тумани ҳокимияти ахборот хизмати раҳбари Б.Мамадиёров зудлик билан масалани жойида ўрганиш мақсадида корхона жамоаси билан видеомурожаатда кўрсатилган масала бўйича учрашув ўтказди.

Зармитан дала геология қидирув экпедицияси «Самарқандгеология» давлат унитар корхонаси тасарруфида фаолият олиб боради. Ташкилотда жами 358 нафар ишчи ходим меҳнат қилади. Геология қидирув ишлари ҳар йили тасдиқланадиган давлат дастури асосида олиб борилади. 2019 йил 1 октябрь ҳолатида Зармитан дала-геология қидирув экспедициясига белгиланган бурғилаш ишларининг йиллик ҳажми тўлиқ бажариб бўлинган. Шу жиҳатдан таъкидлаб ўтиш жоизки, айрим геология-қидирув объектлари иқлим ҳамда тоғ-геологик шароити мураккаблигидан келиб чиқиб мавсумий характерга эга. Ушбу объектларда олиб борилган ишлар асосида якуний ҳисоботлар тузилиб давлат захиралари комиссиясига тақдим этишга тайёрланмоқда. Шу сабабли, юқорида кўрсатилган бурғилаш ишларини якунлаган бригада аъзоларига ва ёрдамчи цех ишчи ходимларига (жами 85 нафар) ўзларининг ташаббуслари билан аризалари асосида маошсиз таътил берилган. Қолган 273 нафар ишчи ходим меҳнат фаолиятларини давом эттирмоқда», дейилади қўмита хабарида.

Қўмита олиб борилаётган ўрганиш якунлари ҳақида батафсил ахборот берилишини таъкидлаб ўтган.

Мавзуга оид