Яқинда «Барселона»нинг тактик муаммолари ва Мессига боғлиқлиги ҳақида «Қопқондаги Вальверде» сарлавҳали мақола берилганди. Қўйида эса, шунга яқин мазмунда, ижтимоий тармоқларда тарқалган мулоҳазалардан бирини ҳавола этилади.
«Аввало айтиш керакки, Луис Суарес ажойиб футболчи, дунёнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай. Лекин бугунги «Барселона»да у асосий таркибда ўйнамаслиги керак. «Интер» билан ўйинда айнан у жамоага ғалаба олиб келган бўлса-да, бу фикр ўзгармайди.
«Барселона»нинг асосий кучи, асосий қуроли – албатта, Лионель Месси. Шу билан бирга, у жамоанинг асосий камчилиги ҳамдир. Бу муаммо асосан «Барселона» тўпсиз қолганида рўй беради – Месси одатда, бундай пайтларда шунчаки, пиёда юради ва ўйинни томоша қилади. Ҳа, шу тарзда у рақибнинг ҳаракатларини таҳлил қилади, уларнинг ожиз нуқталарини ахтаради, баҳолайди. Лекин рақиб жамоага ҳужумни бошлашга халақит бермайди. Деярли.
Йўқ, бу билан Месси орқага қайтиб, ҳимояланиши, тўпни олиб қўйиш учун тинмай югуриши керак, демоқчи эмасман, йўқ. У фаол тарзда рақибга прессинг қилиши ҳам шарт эмас. Шунчаки, доимо ҳаракатланиб, ҳеч бўлмаса, ҳимоячиларнинг олдинга пас бериш имкониятларини чеклаши, сал бўлса-да, халақит бериши ҳам мумкин эди. Лекин Месси шуни ҳам қилмайди.
Биласизми, унга мумкин. Унинг даҳо экани, бошқа хислатлари тўпсиз ҳаракатланишдаги камчиликларини ёпа олади. Италияда ўтган 1990 йилги жаҳон чемпионати финалида Аргентина терма жамоаси устози Карлос Билардо Марадонага фақат рақиб майдонида қолишни, марказдан орқага қайтмасликни айтган экан. Чунки Марадона айнан тўп билан зарур эди, унинг орқасидан юриб куч йўқотиш Аргентина учун зарар бўларди. Марадона майдонда доим тетик бўлиши, керак бўлганда ўша керакли сеҳрни амалга ошириши кифоя эди. Бу аниқ ўйланган ва жуда самарали режа эканига шубҳа йўқ. Мессининг «Барселона»даги роли ҳам айнан шунга ўхшаш деб бемалол айтса бўлади.
Аммо муаммо шундаки, Луис Суарес ҳам худди шундай ўйнашни бошлади. Аслида эса, ҳужумчи рақиб ҳимоячиларига босим ўтказишга жуда уста, биз буни «Барселона»даги илк мавсумлардан, шунингдек, «Ливерпуль», Уругвай терма жамоасидаги ўйинлари орқали жуда яхши биламиз. Бу ерда икки вариант бор, ё у ҳам Мессига қараб, дангасалик қилмоқда ёки бир ўзи олдинги чизиқда ҳаракатланишни самарасиз деб баҳолаяпти ва бундан маъно кўрмаяпти.















