Жамият | 11:00 / 11.10.2019
3123
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йил бошидан буён 28 марта заҳарланиш ҳолати қайд этилган

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида Ўзбекистонда 28 марта заҳарланиш ҳолати қайд этилган ва 358 киши жабрланган, улардан 2 нафари вафот этган. Бу ҳақда 10 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Санитария-эпидемиология назорати йўналишидаги барча давлат идоралари раҳбарияти ва мутасадди ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Таҳлилларга кўра, сўнгги уч йилликдаги 85та ҳолатнинг 58 фоизида ботулизм касаллиги қайд этилган. 27та ҳолат уй шароитида тайёрланган сифатсиз озиқ-оқват маҳсулотлари, 15таси тўйхона ва емакхоналардаги салат ва таомлар, 16таси эса болалар боғчаси ва мактаблардаги талабга жавоб бермайдиган даражада пиширилган овқатлар натижасида рўй берган.

2017-2021 йиллар учун GAVI (Global Alliance for Vaccines and Immunisation) - вакцина ва иммунизация бўйича глобал альянс ҳомийлик ташкилоти томонидан Республика Санитария ва эпидемиология соҳасига 22 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилди. Мазкур пуллар ҳисобига вакциналарни сақлаш омборларида таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари ўтказилиб, улар махсус совутгич ва музлаткичлар, катта ва кичик хажмдаги рефрежираторли транспорт воситалари, электрокарлар билан таъминланади. Қўшимча равишда шу йил якунига қадар яна 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант ажратилиши кўзда тутилган.

«Бугунги кунга қадар KOICA (Корея халқаро хамкорлик ташкилоти) иштирокидаги 6 миллион АҚШ доллари қийматига эга грант лойиҳа доирасида мамлакатнинг 8та ҳудудий ДСЭНМнинг бактериология ва паразитология лабораториялари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бундан ташқари, Республиканинг 14та ҳудудида вакцина сақлаш омборхоналари қуриб битказилди. 2020 йилда GAVI томонидан кўзланган дастур тўлиқ амалга оширилади. Натижада аҳолини 13 турдаги юқумли касалликка қарши эмлаш тадбирларини сифатли ва самарали ўтказиш учун катта шароит яратилади», дея Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитар-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Анжуманда Республика санитария ва эпидемиология осойишталиги агентлиги ҳудудида вакциналарни сақловчи миллий омборхонасини қуриш ишлари бошлангани ва унинг қиймати 2 миллион АҚШ доллардан зиёдлиги таъкидлаб ўтилди.

Мавзуга оид