Жаҳон | 20:07 / 12.10.2019
5837
2 дақиқада ўқилади

Ливан Сурияни Араб давлатлари лигасига қайтаришга чақирди. Жазоир ва Ироқ бу таклифни қўллаб-қувватлади 

Ливан ташқи ишлар вазири Жиброн Бассил Араб давлатлари лигасига аъзо давлатларни Туркия Сурияда ҳарбий амалиёт олиб бораётгани ортида Суриянинг ташкилотдаги аъзолигини тиклашга чақирди. 

“Сурия АДЛга қайтадиган вақт келмадими... Ёки биз яна кимнингдир рухсатини кутишимиз керакми?”, деб айтган Бассил АДЛнинг йиғилишида. Унинг айтишича, Суриянинг АДЛга қайтиши “араб давлатларининг турк тажовузига жавоби” бўлиши лозим.

Жазоир ва Ироқ вакиллари Ливан вакилининг бу таклифини қўллаб-қувватлаган. 

“Бугун афсус-надомат билан қайд қилиш керакки, Суриядаги ихтилофнинг авж олиши бўйича учрашувимиз бу давлат иштирокисиз ўтмоқда. Мен Сурияни араб оиласига қайтаришга чақираман”, деб айтган Жазоир ташқи ишлар вазирлиги бош котиби Билодхон Рашид.

Шунингдек, Суриянинг АДЛга қайтарилишига Ироқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Али ал-Ҳаким чақирган. “Суриянинг АДЛдаги аъзолигини тиклаш ва Туркиянинг Сурия шимолига бостириб кириши вазиятида Суриянинг томонига ўтиш лозим”, деб айтган ал-Ҳаким.   

Унинг таъкидлашича, айнан араб давлатлари Сурияга ички ихтилофни ҳал қилишида кўмак беришлари лозим.

Суриянинг АДЛдаги аъзолиги 2011 йил ноябрда мамлакатда қуролли ихтилоф бошлангандан кейин музлатиб қўйилган. Ўшанда бир қатор араб давлатлари Дамашқдан ўз элчиларини чақиртириб олишган. Сурия раҳбарияти АДЛдаги аъзолиги музлатилиши қарори ноқонуний эканлигини айтиб, уни рад этган. АДЛ Сурия араб дунёсининг муҳим давлатларидан бири бўлишига қарамай, у ердаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича музокараларда деярли иштирок этмаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид