Ўзбекистон | 11:49 / 15.10.2019
7696
3 дақиқада ўқилади

Тиббий ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш тартиби соддалаштирилди

Фото: ТАСС

Эндиликда тиббий ва фармацевтика фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлаш учун рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини тезлаштирилган тартибда олишга Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза бериш имконияти яратилди.

Давлат хизматлари агентлиги хабарига кўра, тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш ҳақидаги аризалар умумий тартибда йигирма кун ичида кўриб чиқилиши белгиланган. Тезлаштирилган тартиб бўйича муддат қисқартирилиб, беш иш кунидан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилиши белгиланди.

Аризани умумий тартибда кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида, тезлаштирилган тартибда кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида қўшимча тўлов ундирилади.

Фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун берилган аризалар умумий тартибда ўн беш кун ичида кўриб чиқилса, тезлаштирилган тартиб бўйича муддат қисқартирилиб, беш иш кунидан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилади.

Аризани умумий тартибда кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида, тезлаштирилган тартибда кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида қўшимча тўлов ундирилади.

Тезлаштирилган тартиб бўйича лицензия олиш ҳақидаги ариза ўз вақтида кўриб чиқилмаган тақдирда, қўшимча тўлов суммаси лицензия талабгорига қайтариб берилади.

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлаш учун рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини бериш ҳақидаги аризалар умумий тартибда етти иш куни ичида кўриб чиқилса, тезлаштирилган тартиб бўйича икки иш кунидан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилади.

Аризани умумий тартибда кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида, тезлаштирилган тартибда кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида қўшимча тўлов ундирилади.

Тезлаштирилган тартиб бўйича гувоҳнома бериш ҳақидаги ариза ўз вақтида кўриб чиқилмаган тақдирда, қўшимча тўлов суммаси ариза берувчига қайтариб берилади.

Ушбу лицензиялар ва гувоҳномани олиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этилганда, ушбу йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Мавзуга оид