Спорт | 21:30 / 15.10.2019
14773
5 дақиқада ўқилади

Европа футболида можаро. Болгария футбол раҳбари бош вазир талаби билан истеъфога чиқди

Евро-2020 саралаши доирасида Болгария ва Англия терма жамоалари ўртасида кечган учрашувда жиддий можаро келиб чиқди. Ўйин давомида мезбон мухлислар англияликларнинг қора танли футболчиларига нисбатан ирқчилик руҳидаги хатти-ҳаракатлар содир этишди ва икки марта ўйин тўхтатилди. Ўйиндан кейин матбуотда икки томон вакиллари ўртасида тортишув бошланиб кетди. Болгария футбол иттифоқи жиддий муаммолар ичида қолди.

14 октябрь куни Софиядаги «Васил Левски» стадионида 2020 йилги Европа чемпионати саралаши доирасида Англия ва Болгария терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди, ўйин инглизларнинг 6:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйиннинг биринчи бўлимида, мезбонлар дарвозасига иккинчи гол урилганидан кейин ўйин болгариялик мухлисларнинг ҳаракатлари сабабли икки марта тўхтатиб қўйилди. Фанатлар нацистларга хос бўлган ҳайқириқларни айтишди, ҳуштакбозлик қилишди, Англия терма жамоасининг қора танли футболчилари - Раҳим Стерлинг ва Тайрон Мингзга (бу унинг Англия терма жамоасидаги дебют ўйини эди) қарата маймунча овоз билан бақиришди.

Бу ҳолатдан кейин инглизлар жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейт ва футболчиларнинг ўзи ўйин ҳаками хорватиялик Иван Бебекка мурожаат қилишди.

Шундан кейин ҳам вазият ўзгармагач, УЕФА вакилига мурожаат қилинди. Ўйин сухандони фанатларга мурожаат қилиб, агар бу ҳолат давом этса, ўйин бутунлай тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирди.

Танаффус вақтида Болгария терма жамоаси сардори Ивелин Попов трибуна томонга бориб, мухлислардан ирқчилик қилмасликни сўради.

Бу орада трибуналарни қора ниқоб таққан, «ультрас» ва «София хулиганлари» ёзувлари туширилган либослар кийган 50 чоғли фанат тарк этишди. Иккинчи бўлимда бу каби жиддий ҳолатлар кузатилмади.

«Оддий бўлмаган вазиятда тўп суришга тўғри келди, 2019 йилда бундай ишлар бўлмаслиги керак», — дея қайд этди ўйиндан кейин инглизлар ҳужумчиси Маркус Рэшфорд. У шунингдек Поповнинг ишини эътироф этган.

Англия футбол ассоциацияси болгариялик мухлисларнинг ҳаракатларига «тоқат қилиб бўлмаслиги»ни қайд этган. «Афсуски, бу биринчи ҳолат эмас, футболчиларимиз яна бир бор шундай ҳақоратларга дучор бўлишди. Бундай ҳаракатларга нафақат футболда, балки жамиятимизда ўрин йўқ. Биз УЕФАдан зудлик билан текширув ўтказишни сўраймиз», — дейилади ассоциация баёнотида.

Ўз навбатида, болгарлар терма жамоаси бош мураббийи Красимир Балаков англиялик фанатларнинг хатти-ҳаракатига эътибор қаратди. Унинг тасдиқлашича, меҳмон мухлислар Болгария мадҳияси янграётган вақтда ҳуштакбозлик қилишганди. «Шахсан мен ирқчилик мазмунидаги ҳайқириқларни эшитмадим. Ҳакам ўйинни тўхтатганини кўрдим. Агар чиндан ҳам шундай бўлган бўлса, биз узр сўрашимиз керак бўлади», — дея вазият бўйича фикрини билдирди Балаков.

Бу ўйинда Болгария терма жамоаси дарвозасига икки гол урган англияликлар яримҳимоячиси Раҳим Стерлинг рақиблар мураббийининг бу сўзларига жавобан шундай деди: «Болгарияга ачинаман, уларнинг номидан шундай аҳмоқлар гапирмоқда».

Эндиликда Болгария УЕФА томонидан санкцияларга учраши мумкин — жамоа очколардан маҳрум этилиши ёки саралаш турниридан четлатилиши мумкин (ҳозирда Болгария A гуруҳида 3 очко тўплаган ҳолда энг охирги ўринда жойлашган). Қайд этиш керакки, бу болгариялик мухлислар томонидан биринчи марта ирқчилик ҳаракати содир этилиши эмас: июнь ойида ҳам Болгариянинг Косово ва Чехия терма жамоаларига қарши ўйинлари вақтида шундай ҳолатлар кузатилганди. Шу туфайли УЕФА Болгарияни Англия билан ўйинда «Васил Левски» стадионидаги 5 минг ўриндиқни бўш қолдириш билан жазолаганди.

Болгария бош вазири Бойко Борисов бу воқеалар фонида Болгария футбол иттифоқи раҳбари Борислав Михайловнинг истеъфосини талаб қилди, натижада иттифоқни 2005 йилдан буён бошқариб келган президент Борис Михайлов истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Айни вақтда футбол иттифоқи билан муносабатлар бекор қилинган, жумладан молиявий масалалар бўйича муносабатлар ҳам.

Бош вазир Болгария футбол иттифоқи офисида текширув ўтказишга кўрсатма берган, айни вақтда офис 60 нафарга яқин полициячи томонидан ўраб олинган ва текширув ишлари бошланган.

Мавзуга оид