Жаҳон | 14:58 / 18.10.2019
13337
2 дақиқада ўқилади

Мексика полицияси мафия билан отишмадан сўнг наркобароннинг қўлга олинган ўғлини қўйиб юборишга мажбур бўлди

Фото: REUTERS

Мексиканинг Кульякан шаҳри полицияси наркобарон Хоакин Гусман Лоэрага (лақаби “Пакана”) қарашли наркокартель жангарилари билан отишмадан сўнг унинг ўғлини қўйиб юборишга мажбур бўлди.

The Guardian нашрининг ёзишича, Мексика полициячилари АҚШда гиёҳванд моддалар савдосида айбланаётган Овидио Гусман Лопесни 17 октябрь куни Кульякандаги уйлардан бирида қўлга олганди. 

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, орадан бир оз ўтгач, уни маҳкамага олиб кетаётган полициячилар гуруҳи наркокартель жангарилари томонидан ўққа тутилди. Жангарилар шунингдек, шаҳарда машиналарга ўт қўйиб баррикадалар тиклай бошлади. Бундан ташқари, улар бир неча нафар полициячини гаровга олишди. Жангарилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўртасидаги отишма бир неча соат давом этди.

Шундан сўнг, Мексика хавфсизлик вазири Альфонсо Дурасонинг сўзларига кўра, Лопесни қўйиб юборишга қарор қилинган.

28 ёшли Овидио Гусман Лопес 2019 йил февралда АҚШ адлия вазирлиги томонидан кокаин савдосида айбланган.

Лоэранинг ўзи 2019 йил январда АҚШда умрбод озодликдан маҳрум қилинган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид