Жамият | 21:03 / 20.10.2019
33010
4 дақиқада ўқилади

«Ўнқир-чўнқир, чанг-тўзон, ҳаёт учун хавфли...» – Шовотдаги расво йўллар

Хоразм вилояти, Шовот тумани марказидан Ижтимоият қишлоғигача бўлган йўлнинг жуда ёмонлиги, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун яроқсиз ҳолга келиб қолгани одамларни қийнаб юборган. Улар мутасадди ташкилотлар томонидан йўлнинг таъмирлаб берилишини истамоқдалар.

Kuz.uz таҳририятига Хоразм вилояти, Шовот туманида истиқомат қилувчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Унда туман марказини Ижтимоят қишлоғи билан боғлаб турувчи йўлнинг абгор аҳволга келиб қолгани, бу эса аҳолига кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқараётгани ёзилганди.

Тахминан 20 км узунликка эга бу йўл Шовот тумани Арбоблар маҳалласидан бошланиб, Қирғоқбўйи маҳалласи, Ижтимоият, Қангли, Чўқли қишлоқлари орқали ўтиб, Шовот чегара божхона постигача боради.

Йўл анча йиллардан бери таъмирланмаган. Қор-ёмғир натижасида асфальт қопламаси емирилиб, чуқурчалар пайдо бўлган. Иссиқ ҳавода эса асфальт қопламаси эриб, нотекис ҳолатга келиб қолган.

Бундай расво йўлдан ҳаракатланиш учун транспорт воситалари кўп вақт сарфламоқдалар. Натижада, одамлар ишга, талабалар ўқишга кеч қолмоқда. Бундан ташқари, абгор йўллар тез ёрдам ва ўт ўчириш машиналарининг ҳаракатини жуда секинлаштирмоқда. Натижада, инсон ҳаётига хавф солувчи ҳолатларнинг юз беришига сабаб бўлмоқда.

Йўлнинг асфальт қопламаси емирилиб кетиши натижасида пайдо бўлган чуқурчаларни айланиб ўтиш учун, транспорт воситалари йўлнинг четига чиқиб кетишга, натижада зовур ва ариқларга яқин хавфли ҳудуддан ҳаракатланишга мажбур бўлишяпти. Одамлар йўлларнинг расво ҳолатга келиб қолгани сабабли, шахсий автотранспортини ҳайдашдан ҳам воз кечяптилар.

Йўл бўйида жойлашган қишлоқлар, маҳаллалардаги дов-дарахтлар, уйларнинг томлари, автомашиналарни чангга кўмилиб бораётганини кузатиш мумкин. Бу йўллардан ҳар куни ишга, юмушга ўтадиган одамлар, боғчага, мактабга қатнайдиган болаларнинг аҳволига фақат ачиниш мумкин.

Аҳоли чанг-тўзон туфайли нафас олиш ҳам қийинлашаётганидан шикоят қилмоқда. Одамлар ёзда ҳам ойна ва эшикларини ёпиб ўтиришга мажбур. Акс ҳолда ҳатто тановвул қилаётган овқатларга ҳам чанг ўтирмоқда.

Бу йўлдан ишга борадиган катталар, мактабга қатнайдиган болалар безиб кетишган. Йўлдан кўтарилаётган чанг-тўзон туфайли кийим-бошлари бир кунда кир бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, йўлнинг қатнов қисми орқали мактабга борадиган болалардан хавотирга тушиш мумкин. Чанг-тўзонда ҳаракатланаётган транспорт воситалари уларни пайқамай қолиши натижасида ҳаёти учун хавфли бўлган ҳолат юз бериши ҳам ҳеч гап эмас.

Ижтимоият қишлоғи аҳолиси сўзларига кўра, сўнгги 2-3 йил ичида йўлни таъмирлаб бериш борасида кўплаб идораларга мурожаат қилинган бўлса-да, ҳеч қандай ишлар бажарилмаяпти.

Шовот тумани ҳокими ўринбосари Баҳром Атажановдан бу йўлнинг аҳволи ва қачон таъмирланиши масаласи бўйича изоҳ сўрадик. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳокимлик вазиятдан хабардор. Шунингдек, бу йўлни таъмирлаш ишлари Республика Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан 13 миллиард сўмга баҳоланган. Аммо барча ишлар асфальт қопламасининг муҳим унсури бўлмиш битумнинг танқислиги ва маблағ ажратилмаганлиги туфайли тўхтаб турибди. Агар бу муаммо ҳал қилинса, йўлни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилади. Бироқ битум ва маблағ масаласининг қачон ҳал бўлиши маълум эмас.

Йўлларнинг ҳолати яхши бўлса, одамларнинг оғири енгиллашади, узоғи яқинлашади, турмуш шароити яхшиланади, турли қулайликлардан баҳраманд бўлишади. Йўлларнинг расволиги натижасида енгили оғирлашаётган аҳолининг кайфияти қандай бўлиши мумкин? Шовотликлар мутасадди ташкилотлардан йўл муаммосини бартараф қилишда ёрдам сўрамоқдалар.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид