Хоразмда яна бир ИИБ ходими маст ҳолда машина бошқариб, дўстининг ўлимига сабабчи бўлди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Тўй олдидан зиёфат

Суд ҳукмига кўра, 30 ёшли Д.Ю. Урганч шаҳар ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика кичик инспектори вазифасида ишлаб келган. 2025 йил 23 декабр куни Cobalt машинасида дўсти тўй бошлагани сабаби билан ташкиллаштирган зиёфатга борган.

Дўстлар зиёфатда спиртли ичимлик истеъмол қилган. Жумладан, Д.Ю. ҳам ароқ ичган. Улфатчиликдан сўнг дўсти Х.Ф. уйига олиб бориб қўйишни илтимос қилган.

Шу тариқа, Д.Ю. орқа ўриндиққа Х.Ф.ни, олд ўриндиққа яна бир дўстини йўловчи сифатида миндириб, маст ҳолда машинасини бошқариб кетган.

“120 тезликда ҳайдади”

Д.Ю. йўлда бошқарувни йўқотган ва Cobalt йўл четидаги бетон тўсиққа бориб урилган. Оқибатда машинанинг орқа ўриндиғида бўлган Х.Ф. оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Машинанинг олд ўриндиғида бўлган гувоҳ судда шундай кўрсатма берган:

Зиёфатда спиртли ичимлик ичдик. Д. ароқни тўлдириб қуйиб беришни айтди. Зиёфат якунланиб, Д. уйига кетмоқчи бўлди. Х. шу пайтда Д. билан кетишини, уйига бориб келмаса бўлмаслигини билдирди. Д.га машинани у ҳайдаса минмаслигимни айтдим. Шундай бўлса ҳам Д. машинани ҳеч кимга бермади.

Д. йўлда тезликни оширди. Унга секинроқ ҳайда, дедим. Кичик йўлда 120 км/соат тезликда ҳаракатланди. Биринчи чуқурга тушганимизда машина қалқиб кетди. Шунда ҳам у тезликни пасайтирмади. Иккинчи чуқурда эса машина бетон тўсиққа урилиб, ағдарилди. Мен ойнани синдириб, ташқарига чиқдим”.

“Айбимга иқрорман”

Д.Ю. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. У йўлда чуқурга тушиб, бошқарувни йўқотганини маълум қилган.

Ҳодиса содир бўлган вақтда машина тезлиги 70-80 км/соат эди. Х.Ф. шифохонада вафот этди. Бўлиб ўтган ҳодисадан кейин марҳумнинг уйига бориб, оиласидан хабар олиб турдим”, деган у судда.

Д.Ю. қилган ишидан пушаймонлик билдириб, суддан енгиллик сўраган.

“2 млн сўм олиб келди”

Марҳумнинг отаси судда ўғлининг ўлимига сабабчи бўлган судланувчига қонуний чора кўришни сўраб, шундай деган: