Жамият | 18:21 / 21.10.2019
7794
6 дақиқада ўқилади

«KT Corporation»: Ақлли ҳисоблагичлар тизими электр энергиясини чекловсиз етказиш имконини беради

Ўзбекистонда электр энергиясини ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизимини ўрнатиш бўйича ўтказилган танловда бир қатор илғор давлатлар вакиллари орасида Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси тендер ғолиб бўлиб ўз ишини бошлаганди. 

Дастлаб ушбу тизим Самарқанд, Бухоро ва Жиззах вилоятларида ўрнатилиши кўзда тутилган. Янги турдаги ҳисоблагичларни кенг тарзда ўрнатиш ишлари бошланмасидан олдин Паст Дарғомдаги 15 мингта абонентда синов ишлари ҳам олиб борилди. Синов якунида тизимда энергия йўқотилиши кескин камайгани кузатилиш билан бирга қатор қулайликлар яққол кўзга ташланди. Компаниянинг Самарқанддаги вакили жаноб Гванг Мо Кюнг тизимдаги бошқа қатор қулайликлар ҳақда ҳам сўзлаб берди. 

«Биз қатор мамлакатларда бу каби лойиҳаларни амалга оширганмиз. Бу жараённи тугатгунча қадар қатор қийинчиликлар ҳам бўлиши табиий. Худди шундай Ўзбекистонда ҳам ушбу йирик лойиҳа бўйича тендер ғолиби бўлганимизда олдинда бутун дунё тан олаётган бу тизимни истеъмолчилар қандай қабул қилиши масаласи турарди». 

Худди шу масалада «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси жаноб Улуғбек Мустафоев бу тизимнинг қайси вилоятда бошланишидан қатъий назар раҳбарлар қўллаб қувватлайди деб айтган ва биз шунда ҳам олдинда қийинчиликлар бўлишини тахмин қилгандик. Аммо Самарқандда иш бошлаганимизда худди шу гапнинг исботига гувоҳ бўлдим. Вилоят раҳбари Эркинжон Турдимов бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турмоқда. Янги тизимни Ўзбекистонда жуда илиқ қабул қилишмоқда.

Ушбу тизимнинг энг катта қулайликларидан бири – ишда инсон омилининг ниҳоятда паст эканлигида. Чунки янги лойиҳа ҳар бир ҳудуд учун электр сарфини онлайн тарзда аниқ кўриб туриш имконини беради. Шунга асосан керакли миқдорда энергия етказиб берилаверади. Электр таъминотини бир маромда бажариш йўлга қўйилади. 

Қайси ҳудудда кучланиш юқори, қайси ҳудудда етарли эмас, барчаси назоратга олиниб меъёрий ҳолат ушлаб турилади. Юқоридаги онлайн назорат ўз ўрнида тизимда зўриқишлар натижасида юзага келадиган энегия йўқотишни ҳам максимал даражада пасайтиради.

Истеъмолчилар эса тўловни «click» орқали қўл телефонидан ўтказиб қўяқолади. Яъни истеъмолчилар банк ёки электр таъминоти корхоналари бориб, навбатда туриб тўлов қилишларига ҳожат қолмайди”, дейди «KT Corporation» Самарқанд вакили Гванг Мо Кюнг.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ АСКУЭ раҳбари Ботир Алимов ҳам тизимнинг қулайликлари ҳақда тўхталиб ўтди.

«Синов ўтказилган ҳудудда истеъмолчиларида АСКУЭ тизимини жорий этилиши билан дебитор қарздорликларни ундирилиши, истеъмолчилардан электр энергияси истеъмоли тўғрисида маълумотлар олиниши яхшиланди ҳамда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўлиқ бартараф этилди.

Cамарқанд вилоятида айни вақтга келиб 300 мингга яқин замонавий ҳисоблагич ўрнатилган бўлса, бугунгача шулардан 260 мингтаси марказий тармоққа улаб бўлинди. Самарқанд шаҳрининг ўзида янги турдаги ҳисоблагичлар сони 140 мингтадан ошди.

Электр энергиясини ҳисоблашнинг янги тизимининг олдингиларидан яна бир қатор қулайликлари бор. Айтайлик, энг аввало, мазкур тизим тўлиқ йўлга қўйилгач, электр энергияси етказишда чеклов бўлмайди. Соҳа ходимлари ёхуд МИБ назоратчиларнинг ташрифи, ҳисоблагич кўрсатгичлари билан танишига ҳожат йўқ. Яна бир томони,  маълумотларни сохталаштиришга уриниш, яъни ҳисоблагичга таъсир ўтказиш ҳолатлари юзага келса дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Шунингдек, энергия тўлови тўланмаган тақдирда масофадан ўчиш хусусиятига ҳам эга», дейди Ботир Алимов.

 Ушбу ҳисоблагичлар электр таъминоти корхонаси томонидан 10 йилда бир маротаба қиёсловдан ўтказилади. Эслатиб ўтамиз, Самарқанднинг Паст Дарғом туманида ўтказилган синов ишларида 15 000 абонент ЭСКУЭ тизимига уланган бўлиб Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси ходимлари, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти, «Самарқанд электр тармоқлари корхонаси» вакиллари иштирокида ўтказилган. Синов тизимнинг бенуқсон эканини кўрсатиши билан бирга янги ҳисоблагич ўрнатилган ҳудудда электр энергияси истеъмоли 18 фоизга камайганини кўрсатди.

«Мазкур ҳисоблагичлар «ақлли» ускуна ҳисобланиб, кучланиш бирдан меъёридан ортиқ ошиб кетса автоматик тарзда ўзи ўчиб қолади. Ўз навбатида вилоят электр тармоқлари корхонасида жойлашган марказий компьютер – серверга бу ҳақда «online» ахборот пайдо бўлади. Умуман, марказий сервер тизимнинг «юраги» ҳисобланиб, нафақат вилоят, балки алоҳида бир ҳудуд, ҳатто ҳар бир абонентнинг электр истеъмоли сарфи бўйича ҳам тўлиқ ахборот йиғиб боради» дейди Самарқанд «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси бош муҳандис ўринбосари Элдор Мамасолиев.

Шу кеча кундузда Самарқандда ҳар куни ўртача мингта абонент янги тизимга қўшилмоқда. Вилоятни тўлиқ қамраб олишни 2020 йил охиригача якунлаш кўзда тутилган. 

«Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ матбуот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид