Гиннесс рекордлар китоби 1955 йилда оммалашгандан кейин одамлар ўзгалар рекордини  янгилаш ва гарчи гоҳида бу рекордлар мутлақ тутуриқсиз бўлса-да, янгиларини ўрнатишга уриниб келмоқдалар. Бироқ шундай рекордлар борки, уларни кимдир ўрнатганининг ўзи ҳайрат уйғотади. Уларни кимдир янгилай олиши эса умуман даргумондир.

Баскетбол саватчасига қаторасига 5221 марта тўпни тушириш

Фото: vimeocdn.com

Тэд Сэйнт Мартин умрида, ҳаттоки коллежда ҳам баскетбол ўйнамаган, бироқ бутун ҳаёти давомида “нишонга аниқ уриш” бўйича рекордлар ўрнатиб келади. У ўз рекордларини саватчага тўпни қаторасига 499 марта туширган Гарольд Левиттнинг рекордини янгилаш билан бошлаган. Мартин 1975 йилда саватчага тўпни 739 марта тушириб, бу рекордни янгилашга муваффақ бўлган. 75 ёшида эса саватчага тўпни қаторасига 5221 марта тушириб, янгилаб бўлмас рекордни ўрнатган.

Чақмоқнинг бир кишига 7 марта урилиши

Фото: anomalien.com

Рой Салливан АҚШнинг Шенандоа миллий боғида назоратчи бўлиб ишлаган. Унинг ҳаётида 1942 йилдан 1977 йилгача уни 7 марта чақмоқ уришидан бошқа ноодатий бирор нарса юз бермаган. Ушбу ҳолат боғ шифокори томонидан расман қайд қилинган ва тасдиқланган. Дарвоқе, Салливан ёшлигиданоқ ўзига чақмоқ “тортган” – унинг кейинроқ тан олишича, отаси билан ўт ўраётганда унинг ўроғига чақмоқ урилган. 

68 йил давом этган ҳиқичоқ 

Фото: ohmygodfacts.com

Чарльз Осборн билан 28 ёшида ғайритабиий ҳодиса юз берган – у сўйилган чўчқанинг 159 кглик нимтасини кўтаришга уриниб йиқилиб тушган. Бундай олганда, бу воқеада бирор ноодатий нарса йўқдек. Бироқ шундан кейин Чарльзда 68 йил давом этган ҳиқичоқ тутиш бошланган. Аммо бу камчилик унга одатий турмуш тарзини олиб боришга халақит бермаган – Чарльз икки марта уйланган ва 8 фарзандли бўлган. Чарльзнинг ҳиқичоқ тутиши 1990 йилда бирдан тўхтаган, аммо у бундан кўп завқлана олмаган, чунки бир неча ойдан кейин битмас яра сабабли вафот этган. Чарльз Осборнни умри давомида 595 миллион марта ҳиқичоқ тутгани ҳисоблаб чиқилган.