Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Испанияда “Реал” ва “Атлетико” футболчилари уйларини тунаган тўда бартараф этилди
Жиноий тўда 4 албаниялик ва бир испандан ташкил топган.
Испания фуқаролик гвардияси Албаниянинг мутасадди идоралари билан биргаликда профессионал футболчилар уйини тунаган жиноий гуруҳни бартараф этди. Бу ҳақда ўғриларни тутишга қаратилган амалиётнинг ўтказилишида кўмак кўрсатган Европа полиция агентлигида (Европол) маълум қилинди.
Таъкидланишича, тўда 4 нафар албаниялик ва бир испандан ташкил топган. Уларни 16 октябрда махсус рейдлар давомида Мадрид ва Толедо шаҳарларида ушлашга муваффақ бўлинган.
Охирги бир неча ой Мадриднинг “Реал” ва “Атлетико” клубларининг бир қатор ўйинчилари уйларида ўғриликлар содир бўлган. Полициянинг тахминича, жиноятчилар ўғриликни содир этиш учун қулай фурсатни топиш мақсадида ўз қурбонлари ортидан ижтимоий тармоқлар орқали кузатишган.
Рейд вақтида ўйинчилар ва уларнинг оилаларига тегишли бўлган зеб-зийнатлар, қимматбаҳо машиналар ва минглаб евро нақд пул мусодара қилинган. Бундан ташқари, футболчилар олган мукофотлар, жумладан Чемпионлар лигасидаги ғалаба учун “Атлетико” яримҳимоячиларидан бирига тегишли медал аниқланган.