Бугун, 22 октябрь куни парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Дастлаб муҳокамага қўйилган «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар ўртасида турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.

Маълумотларга кўра, мактабгача ёшдаги болаларни боғчага қамраб олиш 2019 йилнинг биринчи ярмида 40,5 фоизни ташкил қилди. Мактабгача таълим муассасалари сони эса, 4 минг 940 тадан 9 минг 774га ёки қарийб икки баробарга кўпайди. Давлат мактабгача таълим муассасалари билан бир қаторда, давлат шериклик асосидаги ва хусусий мактабгача таълим муассасалари сони ҳам ортиб бормоқда.

Бу эса соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришни тақозо этади. 

«Шу маънода, мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни мақсад қилган ушбу қонун лойиҳаси орқали республикада давлат ва нодавлат мактабгача таълим билан болалар қамрови кўламини босқичма-босқич оширишга, уларга солиқ имтиёзлари ва преференциялар, бюджет субсидиялари ажратиш ҳамда мактабгача таълим-тарбиянинг муқобил шаклларини жорий қилишга кўмаклашиш режалаштирилган», дея Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Бафаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Лойиҳа жами 10та боб ва 58 моддани ўз ичига олади.

Унда шунингдек, миллий қонунчиликда биринчи марта мактабгача ёшдаги болаларнинг эрта ривожланиш жараёни алоҳида босқичларда бўлиши, яъни болаларни тарбиялаш, уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда мактабгача таълим ва тарбиянинг уйғунлиги белгилаб берилмоқда.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан моддама-модда муҳокама, қизғин муҳокама қилинди. Жумладан, лойиҳанинг 21-моддаси – «Лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда Давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади» бандига айрим депутатлар томонидан эътирозлар билдирилди.

Хусусан, депутатлар Бегзод Артиков ва Расул Кушербаев тадбиркор катта маблағ сарфлаб, «риск» қилган ҳолда Нодавлат мактабгача таълим муассасасини йўлга қўйишини, Нодавлат таълим ва тарбия муассасаси учун берилган лицензиянинг Давлат инспекцияси томонидан бекор қилиниши амалдаги қонунчиликка ва айни пайтда тадбиркорнинг манфаатларига ҳам зидлиги таъкидланди.