Жаҳон | 19:00 / 22.10.2019
49097
5 дақиқада ўқилади

Японияда 126-император тахтга ўтирди. У қандай ваколатларга эга?

Япониянинг 126-императори Нарухито 22 октябрь куни тантанали равишда тахтга ўтирди.

Фото: Anadolu Agency / Getty Images

«Халқ олдида ва конституцияга биноан, инсонлар фаровонлиги ва бутун дунёдаги тинчлик учун, Япония ва унинг халқига уларнинг рамзи сифатида хизмат қилишга қасамёд қиламан.

Халқимизнинг донолиги ва меҳнати билан мамлакатимиз яна ҳам гуллаб-яшнасин. Саъй-ҳаракатларимиз тинчлик ва халқаро жамоатчилик билан дўстликка ҳамда инсоният фаровонлиги учун хизмат қилсин», – деди император.

Об-ҳавонинг ноқулайлиги ва мамлакатда мотам кунлари бўлишига қарамай, маросим 2 мингга яқин меҳмон иштирокида ўтди.

Анъанага мувофиқ Япониянинг қадимий пойтахти Киотода ўтган тадбир мамлакатнинг барча телеканаллари орқали трансляция қилинди.

Фото: EPA

Император саройининг бош залидаги маросимда 183та давлатдан ташриф буюрган тахминан 400 нафар хорижлик юқори мартабали делегатлар қатнашди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Буюк Британия валиаҳд шаҳзодаси Чарльз, Испания қироли Филипп VI, Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, Франция собиқ президенти Николя Саркози, Нидерландия қироли Виллем-Александр, Дания валиаҳд шаҳзодаси Фредерик, Украина президенти Владимир Зеленский шулар жумласидан.

Маълум бўлишича, хориждан ташриф буюрган олий даражадаги 400 меҳмоннинг 70 нафарини бевосита давлат раҳбарлари ва монархлар ташкил этган.

Фото: Reuters 

Қайд этиш керак, олий даражадаги маросим протоколи 200 йилдан кўпроқ вақтдан буён ўзгармай келмоқда.

1869 йилдан бошлаб ушбу тадбир учун хитойча эмас, балки японча маросим либосларини кия бошлашган. Жумладан, бугунги тадбир вақтида императрица Масако 12 қаватли, тахминан 15 кг тош босадиган анъанавий либосда эди.

Императрица Масако / Фото: Kimimasa Mayama

Маросим якунида Япония Бош вазири Синдзо Абэ императорни табриклади ва сўзи охирида уч марта «Банзай!» («Ўн минг йил!») дея ҳайқириб, унга узоқ умр тилади. Янги император шарафига тўплардан ўқ узилди.

Синдзо Абэ янги императорга узоқ умр тиламоқда / Фото: Associated Press
Фото: Kimimasa Mayama

Таомилга кўра, интронизациядан сўнг катта парад бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ «Хагибис» тўфони қурбонлари хотирасига мотам кунлари кечаётгани боис парад 10 ноябрга қолдирилди. Шу боис янги император тахтга келганини нишонлаш тантанали кечки овқат билан чекланди.

Эслатиб ўтамиз, 59 ёшли Нарухито 1 май куни императорга айланган, у (тўнғич ўғил) кексайиб қолгани туфайли тахтдан воз кечган отаси Акихитонинг ўрнини эгаллаганди. Шунинг билан, Японияда 30 йил давом этган хэйсэй («ҳамма ерда тинчлик») даври якунланиб, рэйва («мафтункор уйғунлик») шиори остидаги давр бошланди.

Нарухито ва Акихито / Фото: Toshifumi Kitamura / AFP (2010 йил)

Сарой раҳбари баҳордаёқ алмашган бўлса-да, мамлакат қонунчилигида императорнинг тахтга ўтириш маросими фақат куз ва қишда ўтказилиши мумкинлиги белгилангани сабаб интронизация кечиктирилган эди.

Нарухито Иккинчи жаҳон урушидан кейин туғилган Япониянинг илк императорига айланди. У Токиодаги маҳаллий университет ва Оксфорднинг Мертон коллежида ўқиган, тарих фанлари магистри ҳисобланади. Нарухито хайрия фаолиятини билан шуғулланиб келади.

Нарухитонинг ўғли йўқлиги боис, қонунга мувофиқ унинг укаси Фумихито тахт учун кейинги номзод саналади.

Маълумот учун, Японияда ижро ҳокимияти бош вазирга тегишли. Япон императори деярли тўлиқ рамзий вазифани бажаради ва унинг ваколатлари, масалан Британия монархининг ҳуқуқларидан анчага кам.

Императорнинг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

  • парламент тақдимига биноан Бош вазир номзодини тасдиқлаш;
  • Вазирлар Маҳкамаси тақдимига биноан Олий суд раисини тасдиқлаш;
  • парламент қабул қилган қонунларни эълон қилиш;
  • Вазирлар Маҳкамаси маълумотига асосан, сайловлар натижаларини эълон қилиш ва парламентни тарқатиб юбориш;
  • ратификация қилинган шартномаларни тасдиқлаш ва амнистия эълон қилиш;
  • давлат мукофотларини бериш, хорижий давлатлар элчиларини қабул қилиш ва давлат маросимларини ўтказиш.

1947 йилда қабул қилинган «Императорлик уйи тўғрисида»ги қонунга асосан, император умрбод лавозимида қолади. Нарухитонинг отаси Акихито Япония тахтидан ўз хоҳиши билан воз кечган сўнгги 200 йил ичидаги илк император бўлганди.

Мавзуга оид