17:30 / 22.10.2019
0
27563

Зидан фалокат ёқасида: ЕЧЛда кун ўйинлари анонси

Сешанба оқшомида Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичининг 3-тури доирасида 4та гуруҳда 8 учрашув бўлиб ўтади.

A гуруҳи
«Реал» учун «жаҳаннам» йўли

«Галатасарой» — «Реал»
22 октябрь. Истанбул. «Турк Телеком» стадиони. 23.55
Йўқотишлар
«Галатасарой»: Оқбобо (жароҳат), Лемина, Фалькао, Фегули (барчаси — сўроқ остида)
«Реал»: Асенсио, Бэйл, Лукас Васкес, Модрич, Начо (барчасида жароҳат), Кроос (сўроқ остида)
Ҳакам: Орсато (Италия).

«Брюгге» — «ПСЖ»
22 октябрь. Брюгге. «Ян Брейдел» стадиони. 23.55 
Йўқотишлар
«Брюгге»: Формер (дисквал.), Баланта, Тау (иккиси — жароҳат.), Рикка (сўроқ остида)
«ПСЖ»: Гуй, Дракслер, Керер, Неймар (барчаси — жароҳат), Дагба, Тиагу Силва (иккиси — сўроқ остида)
Ҳакам: Зиберт (Германия).

Ўтган ҳафтанинг шанба кунига қадар «Реал» Испания чемпионатида мунтазам равишда турнир жадвалини бошқариб келаётганди ва кўпчилик мадридликлардаги инқироз ҳақида гапириш ўринсиз деган фикрда эди. «Қироллик клуби» ёрқин ўйин кўрсата олмаётган бўлсада, жимгина очколарини жамғариб келаётгани учун хавотирларга ўрин йўқдек эди. Аммо шанба куни «Реал» турнир жадвали аутсайдери, жорий мавсумда Сегундадан юқори лигага кўтарилган «Мальорка»га ютқазди (0:1), «Барселона» эса шу кечада «Эйбар»ни йирик ҳисобда енгди (3:0), натижада биринчи ўрин бой берилди, энди мадридликларнинг аҳволи хавотирли экани кўриниб қолди.

Чемпионлар лигасида Зинедин Зидан жамоасининг аҳволи шунчаки жуда ёмон. Стартда «ПСЖ»дан учралган йирик мағлубиятдан кейин «Реал» ўз уйида Бельгиянинг «Брюгге» клубига қарши базўр дуранг ўйнади (0:2 ҳисоби иккинчи бўлимда 2:2 кўринишига келтирилганди), сешанба оқшомида эса мадридликлар Истанбулда меҳмон бўлишади. Ўтган асрда меҳмонларни «Дўзахга хуш келибсиз» (Welcome to hell) ёзуви билан кутиб оладиган «Али Сами Ен» стадионида реконструкция ишлари ўтказилгач, бу ёзувлар йўқ бўлган ва стадион номи «Турк Телеком»га ўзгарган. Лекин турк ишқибозлари ўша-ўша.

Бу стадионда «Реал» Бэйл, Модрич ва Асенсиосиз ўйнайди, Кроос жамоа билан бирга учган бўлсада, унинг майдонга тушиши сўроқ остида. Ёзда катта умидлар билан сотиб олинган Йович ҳали гол урмади, Куртуа эса барқарор равишда гол ўтказишда давом этмоқда, шундай экан, испанларнинг истиқболи у қадар ёрқин кўринмаяпти. «Реал»нинг бахтига шу ҳафта охирида «Камп Ноу»да бўлиб ўтиши керак бўлган класико баҳси Барселонадаги тартибсизликлар туфайли декабрь ойига қолдирилган. Йўқса, бу ҳолатида жамоа Месси қайтганидан кейин яна аввалгидек ўйнай бошлаган «Барселона»га қарши тура олмаслиги аниқ эди.

Гуруҳ етакчиси «ПСЖ» эса бу кеча Брюсселда меҳмон бўлади ва бу жамоа навбатдаги уч очкосини олиб, гуруҳ масаласини деярли ҳал қилиб қўйиш ниятида. Парижликлар учун яхши янгилик ҳам, ёмон янгилик ҳам бир футболчи билан боғлиқ: Неймарнинг ЕЧЛдаги дисквалификацияси муддати тугади, лекин бразилиялик футболчи терма жамоаси ўйинида жароҳат олиб, бир ой муддатга сафдан чиққан. Лекин бу юлдуз футболчисисиз ҳам парижликлар турнирда муваффақиятли иштирок этмоқда.

B гуруҳи
«Бавария» навбатдаги қурбонини, «Тоттенҳэм» ўзини изламоқда

«Олимпиакос» П — «Бавария»
22 октябрь. Пирей. «Георгиос Караискакис» стадиони, 23:55
Йўқотишлар
«Олимпиакос» П: Бензиа (дисквал.), Фортунис (жароҳат)
«Бавария»: Зюле (жароҳат)
Ҳакам: Маккели (Нидерландия).

«Тоттенҳэм» — «Црвена Звезда»
22 октябрь. Лондон. «Тоттенҳэм Стэдиум» стадиони. 23.55
Йўқотишлар
«Тоттенҳэм»: Ллорис (жароҳат), Ло Сельсо, Сессеньон, Эриксен (барчаси — сўроқ остида)
«Црвена Звезда»: Боачи, Гайич, Йовичич (барчаси — жароҳат)
Ҳакам: Гвида (Италия).

Лондондаги ўйингача (7:2) «Бавария» чемпионатда ҳеч кимга ютқазмаётганди, аммо «Тоттенҳэм» устидан йирик ғалаба ортидан мюнхенликлар «Ҳоффенҳайм»га ютқазиб қўйишди, ўтган шанба куни эса «Аугсбург» билан ўйиндаги ғалаба қўшимча дақиқаларда бой берилди. Ижтимоий тармоқларда мюнхенликлар Лондондаги ўйинда «Тоттенҳэм» вируси»ни юқтириб олгани ҳақида ҳазиллар ёзилмоқда.

Аммо Чемпионлар лигасида «Бавария»нинг ҳолати ҳозирча аъло даражада - икки турдан кейинги юз фоизлик натижа жамоанинг гуруҳдан чиқиш имкониятларини кескин яхшилаган. «Шпорлар» эса жуда ёмон вазиятга тушиб қолишган: лондонликлар ҳозирча икки учрашувдан атиги бир очко олишган, бу эса Англия Премьер-лигасидаги натижалар олдида ҳолва - Маурисио Почеттино жамоаси 9 турдан кейин 12 очко билан турнир жадвалида 9-ўринда бормоқда.

Жамоанинг бу ҳолатини Англиядагилар 2014-15 йилги мавсумда, Юрген Клоппнинг «Боруссия» Дортмунд клубидаги сўнгги мавсумида Бундеслигани тарк этишига бир бахя қолган ҳолат билан таққослашмоқда. Ўшанда ҳам немислар клуби ҳеч бир сабабсиз ёмон натижалар кўрсатишганди. Балки, «Тоттенҳэм» ҳам омадсиз мавсумдан кейин яна қайта кучаяр.

Кўринишидан, «Црвена Звезда» - уйғониш ва қайтиш учун мос рақиб. Аммо серблар ҳозирда жуда яхши ўйинлар кўрсатишмоқда ва бу жамоа «шпорлар»нинг гуруҳ босқичидан чиқиш учун асосий рақибидир. Иккинчи турда «Звезда» «Олимпиакос»ни мағлуб этди, Сербия чемпионатида эса жамоа барчани бирин-кетин таслим этмоқда. Миллик кубокда эса «Црвена Звезда» икки ҳафта олдин 8:0 ҳисобидаги йирик ғалабага эришган. Ўйин олдидан ким кўпроқ қўрқиши керак - «Тоттенҳэм» ёки «Црвена Звезда»?

C гуруҳи
Гвардиола қувноқ итальянларга қарши

«Манчестер Сити» — «Аталанта»
22 октябрь. Манчестер. «Этиҳад» стадиони. 23.55 
Йўқотишлар
«Манчестер Сити»: Ляпорт, Сане (иккиси — жароҳат), Отаменди, Уокер (иккиси — сўроқ остида)
«Аталанта»: Сапата (жароҳат)
Ҳакам: Гринфельд (Исроил).

«Шахтёр» — «Динамо» З
22 октябрь. Харьков. «ОСК Металлист» стадиони. 21.55
Йўқотишлар
«Шахтер»: Бутко, Малишев, Майкон (барчаси — жароҳат)
«Динамо» З: —
Ҳакам: Матеу Лаос (Испания).

«Кристал Пэлас» устидан қозонилган ғалабадан кейин Пеп Гвардиоладан у «МЮ»-«Ливерпуль» ўйинини кўриш-кўрмаслигини сўрашди. «Сити» устози эса кулимсираб шундай жавоб қайтарди: «Йўқ, мен «Аталанта» ўйинини кўришим керак».

Гвардиола тўғри танлов қилганди: нафақат ўзининг бўлажак рақиби бўлгани учун, балки А Серия ўйинидан роҳат олиш учун ҳам. Римда «Лацио» меҳмони бўлган «Аталанта» иккинчи бўлим ўрталаригача 3:0 ҳисобида олдинда эди, аммо кейин ўйинни ташлаб қўйди ва учта гол ўтказиб юборди. Бу ўйин Италияда мавсумнинг энг томошабоп ўйини бўлган бўлса ажаб эмас. Ўйиннинг 89-дақиқасида, ҳисоб «Аталанта» фойдасига 3:2 кўринишида бўлиб турганида меҳмонлар қаторасига тўртта голли вазиятдан фойдалана олишмади - «Лацио» ҳимоячилари ва дарвозабони матонат кўрсатишди. Қўшимча дақиқаларда эса римликлар пенальтидан ҳисобни тенглаштиришди.

Бундай қувноқ жамоа энди Англия чемпионига қарши туриши талаб этилади. Кўринишидан, «Этиҳад»да «Аталанта»ни яхши дамлар кутмаяпти, аммо Гвардиола жамоасида ҳам заиф нуқталар мавжуд. «Пэлас» билан ўйиннинг бошланғич таркибида бирорта номинал марказий ҳимоячи ўйнамади, Стоунс эса фақат иккинчи бўлимда майдонга тушди. Аммо ушбу англиялик футболчи бу оқшом ҳам ўйинга тайёр бўлишига кафолат йўқ, ҳимоя марказида таянч яримҳимоячилари - Фернандиньо ва Родри ўйнашга мажбур бўлмоқда. Бу эса италияликлар учун имконият юзага келтириши мумкин.

D гуруҳи
Роналду русларга қарши

«Ювентус» — «Локомотив»
22 октябрь. Турин. «Алльянц» стадиони. 23.55
Йўқотишлар
«Ювентус»: Де Шильо, Дуглас Коста, Кьеллини, Пьяца (барчаси — жароҳат)
«Локомотив»: Жоржевич, Жемалетдинов, Ант.Миранчук, Ротенберг, Смолов, Фарфан (барчаси — жароҳат)
Ҳакам: Сидиропулос (Греция).

«Атлетико» — «Байер»
22 октябрь. Мадрид. «Ваньда Метрополитано» стадиони. 21.55
Йўқотишлар
«Атлетико»: Врсалько, Савич, Жоау Феликс (барчаси — жароҳат)
«Байер»: Арангис, Бэйли, Вайзер, Синкгравен (барчаси — жароҳат)
Ҳакам: Диаш (Португалия).

Матбуот анжумани вақтида москваликлар устози Юрий Сёминга унинг «Ювентус»га қарши илк ўйинини (1993 йил УЕФА Кубогида) эслатишди. Бу «Локомотив»нинг еврокубоклардаги дебюти эди. Маълум бўлишича, Юрий Палич ҳеч нарсани унутмаган экан. У узунсоч Баджо, соч-соқоли оқарган Раванелли, ёш Конте ва ҳатто Массимо Каррерани яхши эслашини айтиб ўтди. Ўшанда туринликларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси мантиқий бўлган, бу москваликлар учун ҳам шармандали ҳисоб саналмаган.

Ўтган вақт давомида жамоалар ўртасидаги фарқ кичрайди. Лекин «Кекса синьора» ҳамон Европанинг афсонавий клуби ҳисобланади ва таркибидаги футболчилари билан космик натижаларга эришишга қодир. Туринликларнинг ҳозирги бош мураббийи Маурисио Сарри Сёмин ҳақида илиқ фикрлар билдирди, аввалроқ «Атлетико» устози Диего Симеоне ҳам ундан кам бўлмаган даражада кекса мураббийни мақтаб, Москвадан ишончли ғалаба билан қайтганди.

Туринликлар таркибида бугун Аарон Рэмзи ва Марио Манжукич ўйнамайди, аммо Криштиану Роналду, Пауло Дибала ва Гонсало Игуаин майдонда бўлишади. Бу футболчилар савия жиҳатидан 90-йиллар бошидаги Баджо ва Раванеллидан қолишмайди. 25 йил муқаддам Туринга борган москваликлар таркибида Арифуллин, Косопалов ва Дроздов каби номсиз футболчилар ўйнаганди, Аленичев ва Овчинников каби ёш футболчилар ҳали «Локомотив»нинг асосий жамоасида эмасди. Ҳозир эса Туринга келган жамоа таркибида 2014 йилги мундиалда Германия билан жаҳон чемпиони бўлган Хеведес, 2016 йилги Европа чемпионати ғолиби, португалиялик Жоау Мариудан ташқари, Европа футболида ўз номига эга бўлиб бораётган россияликлар, Алексей Миранчук ва Баринов ҳам бор. 

Сарри келгач «Ювентус» ҳужумкорроқ ўйин кўрсатмоқда, бу эса «Локомотив»га қарши ҳужумлар уюштириш учун имкон яратади. Ҳимояда эҳтиёткор ўйнаса, москваликлар Леверкузенда бўлгани каби муваффақиятга эришиши ҳам мумкин. «Локомотив» учун «Атлетико»дан кўра «Ювентус» қулайроқ рақиб, агар Криштиану Роналду бир ўзи ўйин тақдирини ҳал қилиб қўймаса, русларда ҳам яхши натижа учун имконият бўлади.

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top