Ўзбекистон | 14:46 / 23.10.2019
7305
3 дақиқада ўқилади

Жисмоний шахсларга Ўзбекистондан ташқарида ҳисобварақлар очишга рухсат берилди 

Фото: Depositphotos

Жисмоний шахсларга Ўзбекистондан ташқарида чет эл валютасида ҳисобварақлар очишга рухсат берилди. Бу ҳақда “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда айтилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, резидентлар Ўзбекистон Республикасининг банкларида чет эл валютасида ҳисобварақлар очишга ҳақли.

Резидент жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси банкларида ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида чет эл валютасида ҳисобварақлар ҳамда омонатлар очишга ҳақли.

Резидент юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ҳамда улардан фойдаланишга, башарти Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси валютасида ёки чет эл валютасида ҳисобварақлар очиш ва улардан фойдаланиш мақсадлари назарда тутилган қарорлари ёхуд Ўзбекистон Республикасининг шундай халқаро шартномалари мавжуд бўлса, йўл қўйилади.

Резидент юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очганидан кейин рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органларини ҳамда Марказий банкни ҳисобварақлар очилганлиги (ёпилганлиги) тўғрисида ва ҳисобварақларнинг реквизитлари ўзгарганлиги ҳақида, шунингдек ушбу ҳисобварақлардаги қолдиқлар ва айланмалар тўғрисида Марказий банк томонидан белгиланган тартибда ҳар чоракда, ҳисобот чораги тугаганидан кейин бир ойдан кечиктирмасдан хабардор қилиши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ташкилотларининг хўжалик фаолиятини ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайдиган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги ваколатхоналари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ҳамда ушбу ҳисобварақлардан фойдаланишга уларнинг хорижда бўлиши ва фаолият кўрсатиши даврида йўл қўйилади. Уларнинг хорижда бўлиши ёки фаолият кўрсатиши тугагач, ҳисобварақлар ёпилиши лозим ва ҳисобварақлардаги маблағларнинг қолдиқлари Ўзбекистон Республикасига ўтказилади.

Резидентлар Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги банклардаги ўз ҳисобварақларидан Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ўз ҳисобварақларига чет эл валютасини чекловларсиз ўтказиш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, шу кунга қадар Ўзбекистон Республикасининг резидент жисмоний шахслари, дипломатия ва бошқа ваколатхоналари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ташкилотларининг чет элдаги, хўжалик ёки бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланмайдиган ваколатхоналари Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳисобварақлар очишига ҳамда бу ҳисобварақлардан фойдаланишига уларнинг фақат хорижда бўлиши ва фаолият кўрсатиши даврида йўл қўйилган. Уларнинг чет элда бўлиши ёки фаолият кўрсатиши тугагач, ҳисобварақлар ёпилиши лозим бўлган, ҳисобварақлардаги маблағларнинг қолдиқлари эса Ўзбекистон Республикасига ўтказилган.

Мавзуга оид