Ўзбекистон | 08:03 / 23.10.2019
3635
2 дақиқада ўқилади

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги акциядорлик жамиятларига эслатма билан чиқди

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги акциядорлик жамиятларини томонидан 2019 йилнинг биринчи ярми натижалари бўйича молиявий ҳисоботларни ошкор қилиш бўйича бир қатор қонунбузарликларни аниқлади. Хусусан, 61та акциядорлик жамияти қимматли қоғозлар бозорида ахборотни ошкор қилиш нормаларини бузган.

“Қимматли қоғозлар бозори ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 44-моддасига мувофиқ, акциядорлик жамияти ўз фаолияти ҳақидаги маълумотларни, жумладан молиявий ҳисоботни акциядорлар ва кредиторларга расмий веб-сайти ва openinfo.uz корпоратив ахборот ягона портали орқали ошкор қилиб бориши шарт.

Бироқ, 39 та акциядорлик жамиятлари 2019 йилнинг биринчи ярми бўйича тегишли маълумотларни ягона порталда жойлаштирмаган.

Улар орасида "Ўзэлтехсаноат" АЖ, "Ўзпахтаёғ" ОАЖ, "Ўзбекистон металлургия комбинати" АЖ, "Ўзшаробсаноат" ОАЖ каби йирик давлат корхоналари, "Зираат Банк Ўзбекистон" ОАЖ каби тижорат банклари бор. Бу каби қонунбузарлик ҳолатлари “Ўзпахтасаноат” АЖнинг қўйи ташкилотларида ҳам кузатилган.

Бундан ташқари, 22 та акциядорлик жамияти, шу жумладан "Марказий Ипподром", "Тошкент механика заводи" "Сирдарё Вино" АЖ, "NORINTEKS" ҳамда "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик жамиятларининг қуйи ташкилотлари расмий веб-сайтда маълумотларни 2 кундан 24 кунгача кечикиб жойлаштирган.

Юқорида кўрсатилган ҳолатлар қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш каби баҳоланади ва Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаси асосида жавобгарликка тортилиши айтилади.

Қайд этилишича, акциядорлар ва инвесторлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида ҳозирда Агентликнинг ҳудудий бошқармалари юқорида кўрсатилган ҳисоботларни ошкор этмаслик ҳолатлари сабабларини ўрганмоқда. Қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда акциядорлик жамиятлари мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий баённомалар тузилади ва тегишли чоралар кўрилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид