Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирларини белгилади
Шавкат Мирзиёев 22 июнь куни капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.
Йиғилишда қайд қилинишича, халқаро молия ташкилотлари билан биргаликда янги таҳрирдаги “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. У капитал бозорини замонавий бозор нормалари асосида тартибга солиш, инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, бозор инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва янги молиявий воситаларни жорий этишга қаратилган.
Қонун лойиҳасида халқаро амалиётда кенг қўлланиладиган янги молиявий инструментларни жорий этиш назарда тутилмоқда. Хусусан, Халқаро дериватив ва своп ассоциацияси стандартларига мувофиқ, опцион, своп, фьючерс ва форвард каби ҳосила молиявий воситалар, шунингдек, неттинг шартномаси асосида битимлар тузиш тизими йўлга қўйилади.

Банклар томонидан гаров билан қопланган облигациялар ва ипотека кредитлари мажбуриятлари асосида махсус облигациялар чиқаришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Бу банклар учун узоқ муддатли ресурсларни жалб қилиш, ипотека бозорини ривожлантириш ва аҳоли учун молиявий имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Ислом молияси воситаларини жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Илк бор шерикчилик, ижара, савдо ва агентлик сукуки каби ислом молияси турларини ўз ичига олган “сукук” қимматли қоғозларини чиқариш шартлари белгиланмоқда.
Тақдимотда қимматли қоғозлар бозори инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатлари кенгайтирилиб, унга дивидендларни марказлашган ҳолда тўлаш, хорижий банкларда вакиллик ҳисобварақлари очиш ҳуқуқи берилмоқда.

Шунингдек, молиявий ташкилотлар томонидан мижозларнинг қимматли қоғозларини сақлаш, ҳисобини юритиш ва улар билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш бўйича профессионал хизматлар жорий этилади. Чет эллик номинал сақловчилар учун маҳаллий бозорга кириш тартибини соддалаштириш орқали хорижий институционал инвесторларни жалб қилиш имкониятлари кенгаяди.
Регулятор ваколатларини халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқлаштириш ҳам назарда тутилмоқда. Бу бозор иштирокчилари фаолиятини самарали назорат қилиш, ахборот ошкоралигини таъминлаш, қонунчилик бузилиши ҳолатларига тезкор муносабат билдириш ва инвесторлар ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Миллий корхоналар акцияларини халқаро молия бозорларига жойлаштириш ва инвесторларнинг активларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида 10 дан зиёд қонун ва кодексларга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Президент капитал бозори иқтисодиётга узоқ муддатли ресурсларни жалб қилиш, корхоналарни трансформация қилиш ва хусусий инвестициялар оқимини кенгайтиришда муҳим манба эканини таъкидлади.
Мутасаддиларга янги таҳрирдаги “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳасини халқаро ҳамкорлар билан муҳокама қилиш, бозор инфратузилмасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, янги молиявий воситаларни жорий этиш ва соҳа учун кадрлар тайёрлаш юзасидан топшириқлар берилди.
Мавзуга оид
17:51
Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади
17:39
Битирувчиларнинг лойиҳалари учун 5 миллион долларлик “Венчур жамғармаси” ташкил этилади
14:14
Озарбойжон элчисига «Меҳнат шуҳрати» ордени топширилди
17:59 / 20.06.2026