Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навоийдаги ЖИЭМда вафот этган маҳбус иши: Адвокат марҳум ўлими терговчилар томонидан яширилган деб ҳисоблайди
23 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Навоийдаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасида вафот этган Ш.С. иши бўйича суд мажлиси давом эттирилди. Суд мажлисида шу кунгача олиб борилган суд тергови тугагани ва суд музокара қисми бошлангани эълон қилинди.
Музокара сўз дастлаб прокурорга тақдим этилди. Прокурор музокара нутқида жиноят иши фабуласига тўхталиб ўтирмади.
Прокурор: – «Судланувчиларнинг жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан содир этган айблари инкор этиб бўлмайдиган далиллар, гувоҳлар кўрсатувлари билан ўз тасдиғини топди. Дастлабки тергов органи томонидан Э.М., Х.Ш., К.Ж. ва Д.А.нинг айблари жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан тўғри малакаланиб ҳуқуқий баҳо берилган. Судланувчиларга жазо тайинлашда уларнинг айбига қисман иқрорлиги, пушаймонлиги, шахси, оилавий ҳолати, содир этган жиноятининг ижтимоий аҳволи, судланмагани ҳисобга олинишини сўрайман.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, К.Ж.га жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан 3 йилга муайян ҳуқудан маҳрум қилиш, 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, 2016 йил 12 апрелдаги Олий мажлис Сенатининг амнистия тўғрисидаги қарори билан тайинланган асосий жазодан озод қилишингизни сўрайман».
Прокурор суддан бошқа судланувчиларга ҳам юқоридаги жиноят бўйича жазо тайинлашни ва амнистия асосида асосий жазодан озод қилишни сўради.
Жабрланувчи, яъни марҳум С.Ш.нинг онасига ҳам сўз берилди. Жабрланувчи фарзандини айбланаётганлар ўлдирмагани, бир сўз айтишга қийналишини айтди.
Шундан сўнг, музокара сўз навбати адвокатларга берилди.

Адвокат – «Жабрланувчининг вакили сифатида фикрим шуки, жабрланувчи С.Ш нинг ўлими юзасидан Навоий вилояти прокуратураси органлари, яъни Навоий махсус прокуратураси терговчиси В.Утамуродов, Навоий махсус прокурори Р.Махамов томонидан ўтказилган дастлабки тергов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси терговчилари С.Махаматкулов, Р.Матхаликов томонидан ўтказилган қўшимча процессуал ҳаракатларни ўтказиш тергов ҳаракатлари бир томонлама, яъни ишнинг ҳақиқий ҳолатини яшириш, жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликдан олиб қолиш мақсадини кўзлаган ҳолда олиб борилган деб ҳисоблайман. Ўлим сабаблари тергов органи томонидан атайин фош этилмаган. Маҳбус 64/47-сонли колонияда қийноққа солингани, уни уриб, дўппослаб, электр токи билан азоб беришгани ҳолатлари яққол кўриниб турган бўлсада, тергов органи ушбу ҳолатларни фош этиш, жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўрмаган. Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлиши (ЖК 104-модда), баданга оғир шикаст етказилишига ёхуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлишида ифодаланган жиноятларни содир этган шахсларнинг ҳаракатлари (ЖК 235-модда) жиноий жавобгарликдан сақлаб қолинган. Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатиш рад этиш йўли билан ҳисобдан яширилган.
Судланувчилар Э.М., Х.Ш., Д.А.га 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан жазо тайинлашингизни, К.Ж.га нисбатан оқлов ҳукми чиқаришингизни сўрайман. Марҳумнинг ўлими етказилган тан жароҳатлари натижасида келиб чиққани сабабли жиноят-процессуал кодексининг 417-моддаси 1-қисмига асосан тегишли қарор билан материалларни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига жиноят иши қўзғатиб янгитдан тергов ҳаракатларини ўтказиш учун юборишингизни сўрайман».
Жабрланувчининг адвокатларидан бири ҳам жиноят ишида марҳумга нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этган ЖИЭМ ходимларига нисбатан алоҳида материал тариқасида ажратиб прокуратура органларига жўнатишни сўради. Шунингдек, ушбу иш доирасида 200, 175, 99, 94, 31 ва 17-сонли суд-тиббий экспертизаларда асосланмаган экспертларга нисбатан хусусий ажрим чиқаришни сўради.

Судланувчилар Э.М. ва Д.А.нинг ҳимоячиси Нигора Иззатуллаева ҳам сўзга чиқди. Адвокат судланувчи Э.М.га нисбатан жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди томонидан жиноят кодексининг 116-моддаси бўйича жазони ўтаётганини ҳисобга олишни, қўшимча жазо тайинламасликни сўради. Шунингдек, адвокат Иззатуллаева судланувчи Д.А.нинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ деб ҳисоблаб оқлов сўради.

Судланувчи К.Ж.нинг ҳимоячиси, адвокат Фозил Ўрулов ҳам музокара нутқида баъзи ҳолатларга эътибор қаратишни сўради: «Терговда процессуал нормалар қўпол равишда бузилган. Тергов жараёни асоссиз чўзилган. Айбланувчи, гувоҳларнинг ҳуқуқлари бузилган ҳолда ўтказилган. Айблов хулосаси қонунга зид тарзда тузилган.
Экспертизалардаги баъзи муҳим қисмлар техник хато деб тушириб қолдирилиши ҳам қизиқ. Экспертизадаги энг муҳим масалалар ёзилмаяпти. Нима эмиш – техник хато эмиш. Шунингдек, ҳар битта тергов жараёнида қатнашиб, гувоҳ иқрор бўладими, ёки айбланувчиларни сўроқ қилинадими, буларнинг ҳаммасида эксперт Ҳайдаров Муҳаммадали ўзини худди терговчидек тутиб сўроқ-савол қилган. Лекин бу фактлар сўроқ баённомаларида эксперт савол бергани, иштирок этгани қўшилмаяпти. Бундан келиб чиқса, тергов жараёни шубҳа остига олинади ва холислигига ишонмаймиз. Жамиятда икки касбдагилар, яъни ҳуқуқшунослар ва шифокорлар инсон тақдирини ҳал қилади.
Мен бирор жойда ҳимоям остидаги шахснинг айби бор жойни бирор жойда кўрмадим. Ўлим сабаби дея айтилаётган сепсис касаллиги марҳум тоштурмада бўлган вақтда бирорта бир белги аниқланмаган. Ҳимоям остидаги шахсга қўйилган айблов нотўғри деб ҳисоблайман. К.Ж.га нисбатан жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқлов ҳукми чиқаришингизни сўрайман. Шунингдек, тергов ҳаракатлари қонунчиликка зид равишда олиб борилгани, материаллардаги камчиликларни, бир хил вақтда икки хил ҳужжатлар мавжудлиги, тергов жараёнлари нотўғри бўлганини инобатга олиб терговчига хусусий ажрим чиқаришингизни сўрайман».
Адвокатларнинг кўпчилиги музокара нутқида марҳумнинг сепсис билан вафот этгани фикрига қўшилмаслигини айтишди.
Судланувчиларга музокара сўзи берилганида, улар бу нарсани атайин қилишмагани, бўлиб ўтган ишлар учун марҳумнинг онасидан кечирим сўрашларини айтишди.
Шундан сўнг тарафларнинг қўшимча фикр билдириш ҳуқуқи берилди.
Прокурор – «Сўров бериш йўли билан аниқладикки, Бегбоев биринчи экспертизада сўров хати билан чақирилмаган. Худдики кўчада ўтиб кетаётган шахсни «юр экспертизада қатнашиб бергин» дегандек қатнашган. Шунингдек, у биринчисида қатнашмаганини айтиб, иккинчи экспертизада ҳам қатнашишга уринмоқда. Ядгарованинг экспертизасида криминалист-экспертга олдинги экспертиза хулосалари тақдим этилмагани айтилди. Экспертизада, кўрсатмаларда қарама-қаршиликлар кузатилди. Изоҳ беролмаган ҳолатлар бўлди. Эксперт ўз хулосаси учун масъулият ҳис қилиши керак. Юқоридагиларни инобатга олиб, Ядгарова бошчилигидаги хулосаларни, суддаги кўрсатмаларни номақбул далил деб топишни сўрардим.
Бир инсон вафот этди, унинг уч нафар фарзанди қолди. Марҳумнинг онасининг тинчи йўқолган. Беморда катетиризация қилинган. Бу кичик операция ҳисобланади».
Адвокат: «Бегбоев қатнашишга ҳуқуқи борми, йўқми? Лекин бошқа гистологлар ҳам худди шундай хулосага келган. Бу сабаблар билан номақбул деб топиш нотўғри деб ҳисоблайман. Бу экспертиза хулосасини мақбул далил деб топишни сўрайман. Шифокорлар томонидан даволанмагани бошқа нарса, махбуснинг ўлимига сабаб бўлиш бошқа нарсадир».
Суд мажлиси 1 ноябрь кунига қолдирилди. Унда тарафларга сўнгги сўз берилади.
Мавзуга оид
18:40 / 23.06.2026
Фалажликда ўтган 4 йил ёхуд Исломов раҳбарлиги даврида суд тизими
09:00 / 16.06.2026
Фирибгарлар суд органлари номидан СМС юбормоқда
13:47 / 09.06.2026
Навоийда Tico юк машинаси йўлига чиқиб кетди
20:43 / 08.06.2026