Ўзбекистон | 19:32 / 24.10.2019
17560
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сиёсий партия лидерлари нега дебат ўтказмайди? – Эксперт билан суҳбат

«Афсуски, бизнинг сиёсий партияларимиз янги пиар технологияларни етарли даражада ишлата олмайдилар, номзодлар сиёсий технологиялар устида ишламайдилар».

22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов бўлиб ўтади.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Сурайё Одилхўжаева Kun.uz мухбири билан суҳбатда вакиллик органларига сайловларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапириб берди.

Сурайё Одилхўжаева – юридик фанлари доктори, профессор. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ва Тошкент давлат юридик институтини тугатган. 250дан ортиқ илмий-оммабоп материаллар муаллифи. Айни пайтда ЖИДУнинг Халқаро оммавий ҳуқуқ ва давлат-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири сифатида ишлаб келмоқда.

– Сурайё Маҳкамовна, бу йил бўлиб ўтиши кутилаётган сайловларнинг олдингиларидан фарқи нимада?

– Парламент сайловлари ҳар қандай мамлакат учун демократия ва халқ иродасининг тўғридан-тўғри ифодаси бўлиш билан бирга давлат тараққиётини белгиловчи жуда муҳим сиёсий жараён ҳисобланади. Сайловлар – давлат ландшафтини ўзгартирувчи, сиёсий кучлар тафовутини кўрсатувчи, давлатнинг келажагини белгиловчи энг демократик услубдир.

Энди 2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловларга келсак, уларнинг ўзига хос жиҳатлари кўп. Биринчидан, бу сайловлар барча халқаро стандартларни ўзида акс этган Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодексига асосан бўлиб ўтади. 

Иккинчидан, сайловлар Сайлов кодексининг 28-моддасига кўра, иштирокчиларнинг ягона электрон рўйхатига кўра амалга оширилади. Бу рўйхат ҳаққонийлигини махсус сайтда кузатиб бориш мумкин.

Учинчидан, Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган 15 депутатлик квота бекор қилинди. Энди 150 ўрин учун (олдин 135 ўрин эди) барча партиялар тенг кураш олиб борадилар.

– Фикрингизча, нима сабабдан биз партия лидерларининг реал дебатларини кузатмаймиз? Мавзу йўқми, улар андиша қиладиларми ёки бу нарсага норасмий тақиқ қўйилганми. Ахир бу баҳслар кўп жиҳатга ойдинлик киритиши мумкин-ку.

– Саволингизга ҳуқуқ нормаларига асосланиб жавоб берадиган бўлсам, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 45-моддасига кўра, сайловолди тарғиботлари номзодларни рўйхатга олишнинг охирги муддатидан кейинги кундан бошланади. Айни кунларда барча беш партия рўйхатга олиб бўлинди, энди партиялар съездларида депутатликка номзодларни илгари суриш бошланади. Демак, дебатлар ҳақида гапиришга ҳали эрта.

Бундан ташқари, юқоридаги моддада тарғибот ошкора дебатлар, баҳслар, матбуот анжуманлари, фуқаролар йиғилишлари, интервьюлар, омма олдида чиқишлар, ОАВдаги турли роликлар тарзида ўтказилиши аниқ белгилаб қўйилган. Бу норма эса сайловчиларга ҳар бир партия ёки унинг номзодларининг мақсадлари, дастурлари ва ваколатлари ҳақида маълумот олиш имконини беради.

Энди партиялар бу нормадан қай даражада фойдалана олишлари – бошқа масала. Афсуски, бизнинг сиёсий партияларимиз янги пиар технологияларни етарли даражада ишлата олмайдилар, номзодлар сиёсий технологиялар устида ишламайдилар.

АҚШ тажрибасига юзлансак, кучли сиёсий инфратузилма ва сайловларда сиёсий технологиялардан усталик билан фойдаланишлари туфайли Республикачилар ва Демократик партия бу давлатда етакчи позицияларни эгаллайдилар. ОАВ орқали номзодларнинг дебатлари мунтазам ёритиб борилади, сайловчиларга бу жараённи кузатиш жуда осон.

Демак, айтганингиздек очиқ баҳслар кўп нарсага ойдинлик киритади.

– Ўзбекистон партиялари давлатнинг моддий таъминотисиз мавжуд бўла оладиларми?

– Албатта. Замонавий партиялар давлат молиявий кўмагисиз ҳам бемалол фаолият юритишлари мумкин. Чунки «Партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига кўра, партияларни молиялаштириш манбалари давлат бюджетидан ташқари аъзо бўлиш ва аъзолик бадаллари, қонунчиликка кўра тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг хайрия маблағлари бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, мазкур қонун бўйича бу партияларнинг Қонунчилик палатаси ва давлатнинг бошқа органларига сайловлари жарёнида молиялаштириш белгиланган тартибда айнан мана шу мақсадлар учун ажратилган давлат маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Сайловларда партияларга бошқа манбалардан молиялаштириш ёки моддий ёрдам бериш тақиқланади. Бу норма ўзини оқлайди, деб ҳисоблайман, чунки бу барча партияларга тенг имкониятлар беради. Мазкур талаб сайловчиларга ҳам тўғри танловга замин яратади, шубҳали кучларнинг, жумладан ташқи кучлар аралашувининг олдини олади. 

– Нима деб ўйлайсиз, бу йилги сайловларда курашаётган партия вакиллари орасидан президент сайловларида иштирок этадиган ҳақиқий лидер етишиб чиқиши учун қандай шароит керак? Ёки партиялар бунда нималарга эътибор беришлари зарур?

– Раҳмат, бу жуда яхши савол. Бугунги кунда сиёсий партиялар жамиятнинг марказий институтлари бўлиб, демократиянинг барча замонавий моделларида давлат ҳокимиятини шакллантиришда уларга асосий роль ажратилади.

«Сиёсий партияларсиз парламентаризм бўлмайди» деган сўзлар аксиома даражасига чиқиши бежизга эмас. Замонавий сиёсий партиялар электорал, ташкилий, жамловчи, назорат, коммуникатив ва мафкура каби бир неча функцияларни бажаришлари лозим.

Электорал функция – бу партияларнинг истиқболли кадрларни саралаб олиш ва уларнинг малакасини ошириш, турли йўналишларда бу номзодларни илгари суриш, аҳолининг имкон қадар кўп қисмини ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилиш ҳамда бунинг ортидан кўпроқ овозга эга бўлишдан иборат.

Фикримча, партия мутахассисларини саралаш ва тарбиялаш сиёсий партиялар учун жуда муҳим вазифа ва бу ишни ёшлар билан ишлашдан бошлаш лозим.

Аммо ҳозирги пайтда сиёсий партияларимизнинг бу йўналишдаги ишлари қониқарли эмас. Сиёсий партиялар орасида ҳақиқий лидерлар етишиб чиқиши учун юқоридаги жараёнларни кучайтириш, айниқса мафкуравий, ташкилий ва электорал йўналишда фаол ҳаракат қилиш лозим.

Агар партиялар орасида ғоялар кураши кетса, электорат учун рақобат юзага келса, ўз-ўзидан партия лидерлари ҳам етишиб чиқаверади. Шу боис кадрлар билан ишлашни тизимли йўлга қўйиш, таълим, таҳлилий инфратузилмани кучайтириш зарур.

– Сиёсий партияларнинг ҳукуматга таъсирини қандай баҳолайсиз?

– Демократик механизмларга кўра, сиёсий партияларнинг ҳукуматга бевосита таъсири кўзда тутилмаган. Аммо сиёсий партияларнинг мақсади парламентда, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида ўз депутатлари сонини ошириш орқали ҳокимиятга, парламент фаолиятини кучайтириш ва бунинг ортидан ҳукумат ва ижроия ҳокимиятининг бошқа органлари қарорларига таъсир этиш бўлиши мумкин. 

Сиёсий партиялар ҳукуматга уч усулда таъсир ўтказиш имкониятига эгалар.

Биринчидан, қайсидир партия парламентда энг кўп овоз олса, шу партия бош вазир номзодини илгари сура олади.

Иккинчидан, сиёсий партиялар фракциялари парламентда сўровлар ташаббуси билан чиқиши, ҳукуматга саволлар йўллаши, ёки ҳукуматнинг қайсидир вакилини бирор масала муҳокамасига чорлашлари мумкин. Бош вазирнинг йиллик ҳисоботи ҳам парламент назоратининг бир шакли бўлиб, бу жараёнда ҳар бир фракция ўз дастури ва электорати манфаатларидан келиб чиқиб ўз фикрларини билдириш имкониятига эга.

Учинчидан, ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечими юзасидан йиллик ҳисобот уларни қониқтирмаса, парламент сиёсий фракциялари бош вазирга ишончсизлик вотумини билдириш ваколатига эгалар. Бундай ҳолатда ҳукумат истеъфога чиқиши керак бўлади.

Шу тарзда, қонунчиликка кўра, сиёсий партияларнинг ҳукуматга таъсири бўйича қатор механизмлар мавжуд. Лекин бу имкониятдан депутатлар қай тарзда фойдалана оладилар, буни кутилаётган сайловлар кўрсатади. Шу сабабли шундай номзодларни илгари суриш керакки, чиндан ҳам сайловчиларнинг қонуний манфаатларига хизмат қилсин, ташаббускор бўлсин ва ўзининг етакчилик қобилиятини кўрсата олсин.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид