Жаҳон | 22:16 / 25.10.2019
26701
2 дақиқада ўқилади

Олимлар Искандар Мақдунийнинг ўлими сабабини аниқлашди 

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

Буюк юнон ҳукмдори Искандар Мақдунийнинг (Александр Македонский) ўлимига аввал ҳисоблангандек, безгак, ич терлама ёки зотилжам эмас, ошқозон ости безининг яллиғланиши - панкреатитнинг оғир шакли ҳисобланган панкреонекроз сабаб бўлган. Бундай хулосага Грециядаги Аристотел университети олимлари келишган. 

1995 йилда бошланган тадқиқот давомида мутахассислар Македония шоҳининг қадимий тарихчилар томонидан таърифланган касаллиги аломатлари ва ҳаётининг охирги кунларини таҳлил қилишган.

Тадқиқот муаллифи, тиббиёт профессори Томас Герасимидиснинг таъкидлашича, Мақдуний ўлимига ўткир панкреонекроз олиб келган оғир сепсис сабаб бўлган. Мақдунийда панкреонекроз, ўз навбатида, ўт пуфагида тош пайдо бўлиши ва буюк саркарданинг спиртли ичимликлар ва юқори калорияли овқатларга ружу қўйиши сабабли ривожланган. 

Таъкидланишича, Мақдуний касалга чалиниб, вафот этгунга қадар 14 кун ўтган. У касаллигининг биринчи куни юқори тана ҳарорати билан кечган ошқозондаги қаттиқ оғриқлардан азият чеккан. Шу сабабли шифокорлар саркардага ўша вақтда даволаш усули сифатида қўлланган қайт қилдиришни қўллашган. Кейин Мақдунийнинг ҳароратини тушириш учун совуқ ванна қилинган. 2-кун Мақдуний ҳолдан тойиб, уни титроқ босган. 3-куни унинг тана ҳарорати яна кўтарилиб, кўп терлаган ва нафас олишида муаммолар бошланган. Кейинги 11 кун ичида саркарданинг аҳволи тобора ёмонлашиб борган, мулоқот қилишида муаммолар пайдо бўлиб, алаҳсирай бошлаган.

Мақдуний милоддан аввалги 336 йилдан то вафот этгунча қадар - 323 йилгача Македония шоҳи бўлган. Ўзининг узоқ давом этмаган ҳукмдорлиги вақтида у 70 та шаҳарга асос солган ва Форс империясини забт этган. У Бобилда вафот этган ва тахмин қилинишича, Мисрда дафн қилинган. Искандарнинг ўлимидан кейин у ташкил этган империя парчаланиб кетган.

 

Мавзуга оид