Ёш йигитлар гаплашиб туришса бир-бирларига «Мессими ё Роналду?», «Реал»чимисан ё «Барселона»чими?», дея савол беришади. Шундай интригали саволлардан сўнг суҳбат ўз-ўзидан қизиб кетади. Каттароқ давраларда эса юқоридаги иккита варианти бор савол бошқача кўриниш олади: Россиями ёки Америка? Бу икки йирик давлат узоқ йиллардан буён деярли барча соҳада рақобатлашиб келади. Машҳур асарда ёзилганидек: «Улар ҳоккей жамоалари ўртасидаги ўзаро учрашувда киритилган шайбага ҳам сиёсий ютуқ сифатида баҳо беришади». Бу давлатлар шунчалик қудратлики, бошқа мамлакатларда ҳам одамлар «америкачи» ёки «россиячи»га бўлинишади.

Бу «рақобатда» бизда устунлик ким томонда деб ўйлайсиз? Шубҳасиз, устунлик «россиячилар» томонда. Биринчидан, Россия собиқ «катта оға», иккинчидан, миллионлаб ватандошларимиз Россияда меҳнат қилиб рўзғор тебратяпти, тўйлар қиляпти.

Яқинда бир таксичи амаки билан гаплашиб қолдим. Гапдан гад чиқди-ю, АҚШ жуда ажойиб давлат экани, шунчалик ажойибки, бутун дунёда миллионлаб одамлар у ерга бориб ишлашни орзу қилишларини айтдим. Шунда ҳамсуҳбатим жаҳл билан шундай деди: «Ука, сен ўзи телевизор кўрасанми? Рассия (ҳа, айнан Рассия) Америка соҳилларига сув ости кемаларини обориб териб қўйган, лекин улар билмайди. Сен бўлсанг Американи мақтайсан?». Марказий разведка бюроси агентлари ҳам билмайдиган маълумотларга эга бўлган одам оддий такси ҳайдаб юрганидан ҳайрон бўлдим-у, ортиқ тортишмадим.

Бу икки давлат қуролларини бир-бирининг «бурнига тираб қўйиши» ҳақидаги «афсоналар» бежизга пайдо бўлмайди. Кубада Россиянинг машҳур ҳарбий радиоэлектрон маркази борлиги сир эмас. Фидель Кастро ҳам Россияга келганида бежизга «Вива, Ленин!» деб хитоб қилмасди. Лекин икки мамлакат ўртасидаги сиёсий шахмат ўйинида энг кучли юришни барибир Америка қилади. 1949 йил Вашингтонда НАТО деган ҳарбий ташкилотга асос солинади. Бу ташкилот расман Американики эмас, лекин альянс Россия ҳудудлари томон кенгайиб бормоқда. Тез орада «наточилар» сони яна биттага ортади.

НАТОга шу вақтгача 29 мамлакат аъзо бўлганди. 12 февраль куни уларнинг сони яна биттага кўпайиши маълум бўлди. Македония шу куни мамлакат номини Шимолий Македония деб ўзгартирди ва эндиликда жанубий-шарқий Европада жойлашган бу мамлакатнинг Европа Иттифоқи ҳамда НАТОга киришига ҳеч нарса халақит бермайди.

Гап шундаки, Греция 1991 йилдан буён Македониядан мамлакат номини ўзгартиришни талаб қилар ва Македония Грециянинг тарихий шаҳри номи эканини иддао қиларди. Бирор мамлакатнинг Европа Иттифоқи ҳамда НАТОга аъзо бўлиши учун эса аъзо давлатларнинг барчаси бунга рози бўлиши керак. Македония номи фақат ўзига тегишли эканини таъкидлайдиган Греция Македониянинг ташкилотларга киришига бу мамлакат номини ўзгартиргандан кейингина рози бўлишини билдириб келарди.