Ўзбекистон | 20:25 / 25.10.2019
16321
7 дақиқада ўқилади

«Ўн мингга яқин кўп қаватли уйда иссиқлик таъминоти йўқ». Вазир ўринбосари билан суҳбат

Аҳолини узлуксиз иссиқ сув ва иссиқлик қуввати билан таъминлаш бўйича 4 октябрь куни президент ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтган эди. Биз шу мавзу юзасидан суҳбат ўтказиш мақсадида Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида бўлдик.

Вазир ўринбосари Ғофур Жамолов билан кечган суҳбатимиз иссиқлик таъминотидаги муаммолар ва бу соҳада қилинаётган ишлар мавзусида бўлди.

– Иссиқ сув ва иссиқлик қуввати биздаги оғриқли масалалардан бири ҳисобланади. Ўзимиз ҳам пойтахтга келганимиздагина иссиқ сув таъминотини кўрганмиз. Бутун республика бўйлаб қачон иссиқ сув таъминланиши мумкин?

Кўп йиллар давомида соҳада фаолият юритувчи ягона мувофиқлаштирувчи тизим бўлмаган. Соҳа ҳудудий бошқарувга берилган. Ташкилотларнинг ўз устида ишлаши, модернизация бўйича бир «йўл бошловчи» бўлмаган. Ўша пайтларда жорий ва капитал таъмирлаш масалалари учун тарифларда маблағлар кўзда тутилмаганлигини ҳам мисол қилишимиз мумкин.

Жами бўлиб, 39 мингта кўп қаватли уй бўлса, улардан 23800тасини таъминлашимиз шарт. Айтилган масалалар сабабли ҳозирги кунда 13900та уйга иссиқлик беряпмиз. Бу дегани 10 мингга яқин уйлар иссиқлик тармоғидан узилган деганидир.

Иссиқлик таъминоти ва иссиқлик энергияси бўйича келгусидаги қадамларимизни аниқ белгилаб олдик. Соҳага охирги марта инвестиция киритилгани 1988 йилда бўлган. Энг янги қозонхонамиз 1988 йилги қозонхонадир.

Бизда мавжуд 5 минг километр иссиқлик тармоқларидан 75 фоизи фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган. Худди шундай, 633та марказий ва маҳаллий қозонхоналаримиз бор. Улардан ҳам 40 фоизи муддатини ўтаб бўлган. Улар собиқ иттифоқ даврида қурилган бўлиб, энергияни кўп сарф этадиган ҳолдадир.

Мана, лойиҳаларни бошладик. Жаҳон банки билан биргаликда 5та йирик шаҳарни ўзига қамраб олган лойиҳалар бошланди. Лойиҳа Андижон, Бухоро, Самарқанд, Чирчиқ ва Тошкентнинг Сергели тумани иссиқлик таъминотини модернизация ва реконструкция қилишни кўзда тутади.

Юқорида айтганим 10 мингга яқин иссиқлик энергияси берилмаётган уйлардан 1200тасини шу лойиҳада қилиб берамиз.

Яна бир лойиҳа – Европа Тикланиш ва тараққиёт банки билан олиб борилмоқда. Лойиҳа қиймати 150 миллион доллар бўлиб, у пойтахтнинг икки иссиқлик маркази ва 200га яқин қозонхонани қамраб олади.

Умумий қиймати 2 миллиард 900 миллионга тенг лойиҳаларни белгилаб олганмиз. Бу қисқа ва узоқ муддатларда аниқ режалар асосида олиб борилади. Бунда ваколатли ташкилотлар вазифалари ҳам аниқ қилиб белгиланган.

Биз олдимизга мақсад қилиб қўйдик: 23 мингта марказлашган иссиқлик таъминотидаги уйларни 2025-2026 йилга тўлиқ таъмирлашни амалга оширамиз.

– Инвестицияларни жалб қилиш бўйича режаларингиз қандай?

Биз соҳага асосан хориж инвестициясини жалб қилиш ниятидамиз. Шунингдек, давлат-ҳусусий шерикчилик асосида инвесторларни жалб қилишга алоҳида эътибор берилади.

Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминотини инвесторларга бериш учун Осиё тараққиёт банки лойиҳаларига бериш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Ғофур Жамолов

– Президент иссиқлик таъминоти бўйича ўтказган йиғилишда Австрия, Дания, Германия, Финляндия тажрибаси ҳақида айтилди. Уларнинг қандай афзалликлари бор?

Жаҳон банки билан ҳамкорликда 5та шаҳарни таъмирлаш лойиҳаси ҳақида айтдим. Унда Финляндия тажрибаси асосида иш олиб борилади.

Биздаги тизим – энергияни кўп сарф этадиган, охиргиси 1988 йилда таъмирланган эски андозалардаги ҳолатда.

Иссиқлик таъминотида икки тизим: очиқ ва ёпиқ тизим мавжуд. Бизда очиқ тизимда иш олиб борилади. Бунда жўмракдан тушаётган сув қозонхоналарда тайёрланган иссиқ сувдир. Биз оддий сувни олиб, маълум моддалар билан тўйинтирамиз. Электр энергиясини сарфлаб, насосларда истеъмолчига беряпмиз.

Айтиб ўтилган давлатларда қиш совуқроқ келади. Шу сабабли улар бу соҳани ривожлантиришга кўпроқ мойиллиги бор. Улар буни ёпиқ тизимга ўтказган. Уларда қозонхоналарда тайёрланган иссиқ сувлар тўғридан-тўғри хонадонларга бормайди. Уларда ҳар бир кўп қаватли уйнинг иссиқлик алмашувчи пунктлари бўлади. Юқори даражадаги иссиқлик буғ кўринишида етиб боради. Совуқ сув ўша буғ билан иситилади ва кўп қаватли уйда яшовчиларга берилади.

Бу бизга нима беради? Ёз ойларида кўплаб мурожаатларда айтиладики, жўмракни очгандан сўнг ярим соатда иссиқ сув келади. Жуда тўғри мурожаат. Биз қишда узатувчи ва қайтувчи трубаларда ишласак, ёзда фақат битта қувурда ишлаймиз. Бунда сув берк жойга боришини англатади. Истеъмолчига етиб боргунча совиб қолади. Биз бунда нафақат иссиқ сувни, балки уни иситишга кетган электр, газ ва ишчи кучини йўқотяпмиз. Ёпиқ тизимда 10-15 сонияда иссиқ сув етиб келади.

– Очиғи, гапингизни эшитганда бу ишлар учун жуда катта вақт ва маблағ талаб қилинади, деган ўй келади. Аслида ҳам шундайми?

Жаҳон банки бўйича қилган лойиҳамиз 2015 йил бошланган. Бу – охирги 30 йилдаги биринчи лойиҳа, бу соҳага киритилган инвестициядир.

Кўп йиллар давомида вазирлик бўлмагани сабабли соҳа ўзини-ўзи оқламай қолган ва сўниб борган. Биз соҳа бўйича мутахассисларимизни ҳам йўқотиб қўйдик. Чунки, иссиқлик таъминотларида ойлик маош ҳам жуда оз. Агар кўтарадиган бўлсак, тарифларга таъсир қилиб кетади. Чунки ҳар битта харажат оқланиши керак.

Ташкилотлар – алоҳида хўжалик юритувчи субъектдир. Умумий миқдорда 2100га яқин кўп қаватли хонадонларнинг иссиқлик ҳолатини яхшилашимиз керак. Андижон вилоятидаги қозонхона 15 йилдан бери ишламайди. 300га яқин шу қозонхона доирасидаги кўп қаватли уй умуман иссиқлик таъминотидан узилган. Кимдир электр иситгич, кимдир газдан фойдаланиб қишдан чиққан.

Очиқ ва ёпиқ тизимнинг энергия тежамкорлиги бўйича фарқи – 20-30 фоиз атрофида. Бу 20 фоиз газ, 20 фоиз электроэнергия, 20 фоиз сув деганидир. Бир йилдаги йўқотишлар 35-40 фоиздан ошиб кетяпти.

Тарифлардаги харажатларнинг асосий қисми энергия ҳисобланади. 20 фоиз қисми ходимлар маоши ҳисобланади. Илғор технологияларни жалб қилиб соҳани ривожлантириш ва иқтисодни диверсификация қилишни мақсад қилиб қўйдик.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.

Баҳодир Аҳмедов суҳбатлашди.

Мавзуга оид