Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иссиқлик таъминотида аванс эвазига эски тарифнинг сақланиб қолиш муддати 2 ойга туширилди
Ўзбекистонда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифлари оширилганда аҳоли учун аванс тўловлари доирасида эски тарифларнинг амал қилиши энди 12 ойгача эмас, 2 ойгача давом этади. Мазкур 2 ойлик муддат тариф ошган санадан эмас, тўлов амалга оширилган санадан бошлаб ҳисобланади. Эски тарифнинг аванс эвазига бир муддат сақланиб қолиши юридик шахслар учун кўзда тутилмаган.
Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларига ўзгартириш киритилди.
Унга кўра, жисмоний шахс иссиқлик таъминоти тарифлари ошган тақдирда, аванс тўловлари доирасида кўрсатилган хизмат учун тўлов кунидан бошлаб 2 ойдан ошмайдиган даврга қўшимча тўловлардан озод этилади. Бунгача мазкур давр 12 ойни ташкил этган.
Veolia Energy компаниясининг 11 июн кунги хабарига кўра, бу тартиб ҳам иситиш, ҳам иссиқ сув хизматларига тегишли.
Хабарда айтилишича, Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларига тегишли ўзгаришлар киритилган.
Kun.uz'нинг эътибор қаратишича, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур ўзгаришга оид 212-сонли қарори 2026 йил 29 апрелда қабул қилинган. Аммо бу қарорни Lex.uz'дан топишнинг имкони бўлмади.
Газ ва электрдаги шунга ўхшаш тартибдан фарқи нимада?
Тарифлар ошганда аванс тўлови ҳисобига муайян муддат эски тарифларнинг амал қилишига оид тартиб электр энергияси ва табиий газ таъминотида ҳам бор, бироқ иссиқлик таъминотидаги бу норма бироз фарқ қилади.
Маълумки, электр энергияси ва табиий газнинг оширилган тарифлари кучга кирган кундан эътиборан, абонентлар билан балансидаги маблағ доирасида 2 ойгача эски тарифлар асосида ҳисоб-китоб қилинади. Бунда аванс тўлови янги тарифлар кучга киришидан олдин тўланган бўлса кифоя.
Иссиқлик таъминотида эса аванс тўлови айнан қайси куни тўлангани муҳим аҳамиятга эга. Чунки тариф ошганида эски тариф сақланиб қоладиган 2 ойлик муддатнинг бошланиш санаси бўлиб янги тариф кучга кирган сана эмас, аванс тўланган кун ҳисобланади.
Шу сабабли иссиқлик таъминоти истеъмолчилари учун тариф ошишидан фақат 1 кун олдин тўлов қилиб қўйиш манфаатлироқ, ана шундагина вақтинча эски тариф амал қиладиган 2 ойлик муддатдан тўлиқ фойдаланиш имконияти бўлади.
Бундан ташқари, газ-свет ва иссиқлик таъминоти учун аванс тўловларида яна бир фарқ бор. Газ ва свет тарифлари ошганда аванс тўлови доирасида эски тарифнинг амал қилиши жисмоний шахслар учун 2 ойгача, юридик шахслар учун эса 1 ойгача давом этади. Иссиқлик таъминотида эса юридик шахслар учун бундай давр кўзда тутилмаган; 2 ойлик муддат фақат жисмоний шахсларга тегишли.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти тарифлари охирги марта 2025 йил ноябрда ошган эди. Ўшанда нархлар аҳоли учун 15 фоизга, юридик шахслар учун 40 фоизга кўтарилганди.