Ўзбекистон | 08:26 / 26.10.2019
46195
4 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов ИИВда коррупцияга қарши кураш қандай олиб борилаётганини айтди

Фото: KUN.UZ

Ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами арафасида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов билан суҳбатлашди.

«Агар жамиятда қонун устуворлиги таъминланмаса, унда одамлар нафақат бугунги, балки эртанги кунга ҳам ишончини йўқотади. Агар шахсий манфаатлар устун келса, коррупция илдиз отади, натижада мамлакат инқирозга учрайди. Ҳар қандай онгли шахс бундай мамлакатдан чиқиб кетиш имкониятини қидиради, хорижий инвестор коррупциялашган давлатга сармоя киритишни истамайди. Президентимиз таъкидлаганидек, сармоя киритишдан олдин инвестор мамлакат шароитлари ва ишбилармонлик муҳити ҳақида давлат идоралари вакилларидан эмас, балки тадбиркорлардан билиб олади», - дейди у.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, ҳукумат амалдорлари виждонли ва ҳалол бўлиши керак.

«Коррупция даражаси давлатнинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини белгиловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда коррупция бутун дунё ҳамжамияти учун жиддий муаммога айланди. Шунинг учун барча давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон коррупциянинг барча кўринишларига қарши муросасиз курашмоқда», - дея таъкидлаб ўтди у.

Пўлат Бобожоновнинг хабар беришича, ички ишлар идораларида амалдаги қонунлар ва давлат дастурлари асосида коррупцияга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда.

«Бу йил вазирликнинг коррупцияга қарши курашишга қаратилган муҳим ҳужжати қабул қилинди. Ходимлар ўртасида коррупцияга қарши иммунитет ва муросасизликни шакллантириш мақсадида самарали профилактика чоралари кўрилмоқда. Бош прокуратура билан ҳамкорликда ходимлар ўртасида ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Шу билан бирга, жорий йилнинг декабрь ойида ички ишлар органларида коррупцияга қарши курашиш ойлиги деб эълон қилинди, бунда ташкилий, маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш режалаштирилган», - дейди вазир.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг фикрича, коррупцияни йўқ қилишга оддий профилактик чоралар, учрашувлар ўтказиш ёки жазолаш орқали эришиб бўлмайди. Бу тизимли ёндашувни талаб қилади.

«Шу боис, Президентимиз ходимларимизни ижтимоий ҳимоя қилишга, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратмоқда. Уларга уй ва автоулов сотиб олиш учун узоқ муддатли кредитлар, болаларни таълим муассасаларида ўқитиш бўйича тавсиялар ва бошқа имтиёзлар тақдим этиляпти. Ички ишлар органларида махсус жамғармалар ташкил этилган, ходимлар қўшимча равишда устама билан рағбатлантирилмоқда. Бу иш ўзининг ижобий самарасини беряпти», - деди Пўлат Бобожонов.

Унинг таъкидлашича, ушбу йўналишдаги вазифаларни ҳал қилиш учун қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

биринчидан, ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш керак;

иккинчидан, коррупция таҳдидларини чуқур таҳлил қилиш асосида ходимларни ушбу ҳолатнинг оқибатлари тўғрисида хабардор қилиш учун ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш лозим;

учинчидан, соҳа хизматларида ахборот-коммуникация технологияларининг кенг қўлланилиши ҳисобидан фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқотда инсон омили иштирокини камайтириш мумкин;

тўртинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларига пора беришга ва бошқа ноқонуний усуллардан фойдаланишга тайёр бўлганларга қарши курашнинг кучайиши;

бешинчидан, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва моддий рағбатлантиришга доимий эътибор қаратиш;

олтинчидан, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашда барча даражадаги раҳбарларнинг жавобгарлигини ошириш;

еттинчидан, давлат ҳокимияти институтларининг ишончи ва коррупцияга қарши чоралар самарадорлигини баҳолаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганиш.

«Ҳеч ким бу масалага бефарқ бўлмаслиги керак, ҳамма биргаликда жамиятдаги коррупцияни йўқ қилиши лозим», - дея хулоса қилди Пўлат Бобожонов. 

Мавзуга оид