Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Trade-in Ўзбекистонда – автомобилни бозорда сотишдан фойдали
Эски автомобилни қўшимча тўлов эвазига янгисига алмаштириш имкониятини берувчи Trade-in Ўзбекистонда расман иш бошлади. Марказ, ҳозирча, Тошкент шаҳрида. Тез орада, республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам очилиши режалаштирилмоқда. «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Шавкат Умурзақовнинг айтишича, эски автомобилни марказга сотиш бозорда сотгандан фойдалироқ бўлади.

2019 йил 26 октябрда Тошкентда UzAuto Motors Service & Trade-In Center янги севис ва савдо марказининг очилиши бўлиб ўтди. Марказнинг асосий ўзига хослиги – бу Trade-in тизими бўйича фойдаланилган автомобилни қўшимча пул тўлаш орқали янгисига алмаштириш имкониятидир. Бир савдо майдончасида бир неча дилерлар жамлангани эвазига, бу марказ харидорларга юрган автомобилларни сотиш ва сотиб олиш бўйича катта танлов имконини беради, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.


Trade-in амалиётининг жорий этилиши билан ўтказилган тантанали тадбирда таъкидланишича, республика президентининг “Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ушбу тизим жорий этилмоқда. Ушбу дастур фойдаланилган автомобиль соҳибларига машиналарини автосалонда мутлақо янги автомобиль қийматига етмаган пулни тўлаш асосида алмаштириш имконини берса, минилган автомобиль олмоқчи бўлганлар эса, эски машинанинг «тоза» эканини кафолат билан олиш имконига эга бўлишади.

Қайд этиш ўринлики, минилган автомобиллар соҳиблари техникаларини янгисига алмаштиришда топшираётган транспорт воситаларини қайта расмийлаштиришга харажатлардан озод қилинади.
Янги ва минилган автомобиллар учун мўлжалланган кенг савдо майдонларидан ташқари, UzAuto Motors Service & Trade-In Center сервис ва савдо марказида ўзининг таъмирлаш ва бўяш ангарлари ҳам бўлиб, улар замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Дилерга Trade-In тизими орқали берилган юрилган автомобиллар шу ернинг ўзида диагностикадан ўтказилиб, зарур бўлса, таъмирланади, деталлари алмаштирилади ва бўялади. Автомобилларни тезкор ва сифатли таъмирлаш учун марказда энг замонавий жиҳозлар ва ишлаб чиқарувчидан эҳтиёт қисмларнинг катта омбори мавжуд. Шунингдек, марказ ҳудудида газ баллони жиҳозига хизмат кўрсатиш шохобчаси, замонавий ва кенг автоювиш нуқтаси ҳам бор.

Бугунги кунда www.trade-in.uz сайти ишга тушган, унда мижоз дилерларда сотувга қўйилган минилган автомобилларнинг айни кундаги нархини билишлари, шунингдек ушбу хизмат бўйича барча зарур ахборотни ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавобларни олиш мумкин.

Сайтнинг асосий хусусиятларидан бири автомобиль нархи калькулятори саналади, у онлайн режимида мижозга минилган автомобилнинг тақрибий нархини аниқлаш имконини беради. Калькуляция иккиламчи бозорда минилган автомобилларнинг айни кундаги нархларини ҳисоблаш методологиясига асосланган.
Trade-in тизими бўйича алмашинув жараёни қандай кечади?

Мижоз автомобилни дилерлик маркази мутахассисларига баҳолаш учун тақдим этади. Сўнгра, автомобиль тўла текширувдан ўтказилгач, унинг нархини келишиш далолатномаси расмийлаштирилади. Мижоз дилерга керакли ҳужжатлар пакетини тақдим этгач, минилган автомобиль ва янги автотранспорт воситаси олди-сотди шартномаси тузилади. Бунда юрган автомобилнинг қиймати янги автотранспорт воситаси учун тўловдан айириб ташланади.

Агар мижоз Trade-in дастури доирасида ўз автомобилини топшириб, бошқа бир фойдаланилган автомобилни харид қилишни истаса, “Трейд-ин” муҳри туширилган ҳисоб-маълумотнома ёзиб берилади, шунингдек алмаштирилган деталлар учун кафолат талони тақдим этилади. Шу билан, фойдаланилган автомобилнинг ҳам ишончли ва кафолатли бўлиши таъминланади.
Мавзуга оид
19:35 / 17.06.2025
UzAuto Motors’нинг Ўзбекистон бозоридаги улуши қисқарди
15:39 / 12.06.2025
Янош Ковач UzAuto Motors бош директори этиб тайинланди
16:42 / 29.05.2025
UzAuto Motors Malibu сотувини очганидан бир соат ўтмай шартномалар тугаб қолди
16:09 / 15.05.2025