Kun.uz сайти ушбу масала юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов билан суҳбат ўтказди.
– Дилшод ака, Низом лойиҳаси ишлаб чиқилди ва таклифлар билдирилмоқда. Ушбу Низомга қандай эҳтиёж ёки зарурат бор эди?
– Таъкидлаш лозимки, бу ҳали лойиҳа ва унинг устида иш олиб бориш учун порталга қўйилган. Агентлик мамлакатдаги ахборот майдонини мониторинг қилади. Зиммамиздаги вазифаларимиздан бири – ахборот хавфсизлигида қатнашишдир. Бу кўтарилган норма 2014 йилдан бери амалда келмоқда, аслида. «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган бўлиб, унинг 12-1-моддасида, блогерларга таъриф берилган ва унда қонунга хилоф ахборотлар масаласи белгилаб ўтилган. Моддада шунингдек, ҳар қандай жавобгарлик келтириб чиқарувчи ҳолатлар ҳам назарда тутилган. 2014 йилдан бери бу қоида амалда, бироқ ҳеч ким бунга эътибор қаратмаган.
Блогерлар, ижтимоий тармоқлар, ОАВ кучайгани сари халқ эркин фикрини ифода этиши нормал ҳолат. Лекин ҳеч ким бу қоидадан келиб чиқиб иш тутмаган. Уларнинг ичида кўплаб қонунга зид ахборотларни учратишимиз мумкин. Бу норма қоидаларидан келиб чиқиб, агентлик буни ҳаммага эслатди ва бу бироз эътирозларга сабаб бўлди. Блогер ва журналистларга бу бўйича тушунтириб ўтилди. Веб-саҳифа, мессенжер эгалари ва блогерлар ўзларининг хабар ва постларининг остига қолдирилган изоҳларни ҳам кузатишлари керак. Веб-саҳифа икки қисмга бўлинади: пост ва унинг остидаги изоҳлар қисми. Айтайлик, пост қонун доирасида, лекин унинг остида қонунга хилоф изоҳ бўлса, ҳар қандай ривожланган давлатларда тақиқланадиган ахборотдир. Биз бу нормани ишлаб чиқаётганда ўрганиб чиқдикки, юқоридаги моддада келтирилган ахборот деярли барча давлатларда ноқонуний ҳисобланади. Биз унинг механизмини тушунтирмоқчи бўлдик.

– Демак, бу тартиб бошқа ривожланган давлатларда ҳам мавжуд?
– Бу лойиҳани тайёрлаш жараёнида Буюк Британия, Франция, Германия ва АҚШ каби давлатлар тажрибаси ўрганилди. Юқоридаги модда таснифлаган ҳолатларнинг ҳаммаси тақиқланган. Фақат бизда қонуности норматив-ҳужжатида бу механизм ёзилмаган эди. Шу сабабли, бу мавзу жуда ҳам эътирозли бўлди. Агентлик раҳбарияти тушунтириш берганидан сўнг, шундай механизм тайёрлашга қарор қилдик. Бу нормани қай тарзда ишлатишни икки томон ҳам билар эди. Агентлик огоҳлантиришни ўз зиммасига оляпти. Мисол учун, блогернинг вақти бўлмаслиги мумкин, ОАВда ҳар бир чиққан хабарни ижтимоий тармоқларда кузатиб бориш учун масъул шахс бўлмаслиги мумкин. Уларнинг вақти бўлмай қолиши мумкин. Йиғилишда келишилдики, агентлик механизм ишлаб чиқади. Унга кўра, агентлик мониторинг қилади. Мабодо қонунга зид ахборот топилса, веб-саҳифа, мессенжер эгаси огоҳлантирилади. «Сизнинг фалон постингиз остида қонунга зид изоҳ ёзилган», деган маънода. Умид қиламизки, постларнинг ўзида қонунга зид ахборот ёзилмайди.















