Жамият | 21:23 / 28.10.2019
9486
3 дақиқада ўқилади

Қизилтепада 6та коллежнинг ишдан бўшатилган ходимларига 450 миллион сўмга яқин компенсация тўлаб берилди

Қизилтепа туман адлия бўлими томонидан тумандаги коллежларда ишловчи ишчи ва ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларига риоя этилиши мониторинг қилинганда, бу борада уларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани аниқланган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева хабар бермоқда.

Тумандаги 6та касб-ҳунар коллежи жумладан, Қизилтепа агросервис, Қизилтепа қишлоқ хўжалик, Қизилтепа енгил саноат, Қизилтепа агроиқтисодиёт, Қизилтепа маиший хизмат кўрсатиш, Қизилтепа қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежлари томонидан жами 380 нафардан ортиқ ишчи ва хизматчилар билан коллеж маъмурияти ўртасида тузилган меҳнат шартномалари жорий йилнинг июль-август ойларида Меҳнат Кодексининг 100-моддаси, 2-қисми 1-бандига биноан бекор қилинган.

Бироқ, амалдаги Меҳнат Кодексига мувофиқ, меҳнат шартномаси бекор қилинганда бир неча шартлар бажарилиши лозим. Булар:

– иш хақи берилгани,

– ходимга фойдаланмаган асосий ва қўшимча таътиллари учун пуллик компенсация тўлангани,

– меҳнат шартномаси бекор қилинганда Меҳнат Кодексининг 109-моддасига биноан ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган ишдан бўшатиш нафақаси берилгани,

– ходимнинг меҳнат шартномаси бекор қилиниши билан уни қонунларда ўрнатилганидан юқори пул тўловлари (масалан, ишдан бўшатиш нафақаси ойлик иш хақидан ортиқ тўлаш) ёки қонунларда кўрсатилмаган пул тўловлари тўғрисидаги талаблари – агар бу тўловлар берилиши жамоа келишуви, жамоа шартномаси ҳамда ходим билан тузилган меҳнат шартномасида кўзда тутилган бўлса.

Юқоридаги талаблар асосида ходимларга маблағлар тўланмаган. Туман адлия бўлимининг вилоят молия бошқармаси, вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ҳамда касб-ҳунар коллежлари директорлари номига тақдимномалар киритилиб, қонунга зид қабул қилинган 40та меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқлар бекор қилиниб, қайта расмийлаштирилган.

Жами бўлиб, ишчи ва хизматларга 449 млн 831 сўмдан ортиқ бир марталик бериладиган ишдан бўшатиш нафақаси ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланган.

Судларга коллеж ишчи ва хизматчиларнинг манфаатларини кўзлаб, меҳнат муносабатларидан келиб чиққан низолар юзасидан 22та даъво аризалари киритилган.

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид