Иқтисодиёт | 23:28 / 28.10.2019
23291
2 дақиқада ўқилади

Юзлаб янги божлар бирламчи истеъмол товарлари нархи ошишига таъсир қилмайди – Вазир ўринбосари

Ғанишер Маматқулов / Архив фото: jizzax.uz

Ўзбекистон ҳукумати ҳозир нол ставкада бўлган 300дан ортиқ турдаги товарлар олиб кирилишига 1 январдан бошлаб божлар жорий этмоқда. Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари Ғанишер Маматқулов мазкур қарорга изоҳ берди.

«Бу ўзгаришлардан асосий мақсад – бугунги кунда жаҳонда юз бераётган ҳодисаларни, яъни ташқи омилларнинг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш. Бу, ўз навбатида, мамлакатнинг бошқа давлатлар билан савдо муносабатларини йўлга қўйишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур ўзгаришнинг ички истеъмол бозорига таъсири, яъни 2 октябрдаги 4470-сонли қарорга асосан, аҳолининг доимий истеъмол қиладиган бирламчи эҳтиёжидаги товарлар нархларининг ошишига таъсир кўрсатмайди. Чунки республикада ишлаб чиқариш ҳажми етарли бўлмаган асосий истеъмол товарлари учун божхона божи ставкалари оширилмайди», – деди Маматқулов душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Ғанишер Маматқулов (чапда)

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, вазир ўринбосари ўз маърузасида божхона ставкалари МДҲ давлатлари билан савдо-сотиққа таъсир қилмаслигига алоҳида урғу берган.

«Энг асосийси, Ўзбекистоннинг халқаро келишувларига асосан, МДҲ давлатлари ўртасида ўзаро савдо алоқалари учун божхона ставкалари қўлланилмайди. Яна таъкидлайман, қўлланилмайди.

[2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида] импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг 65,9 фоизи, яъни учдан икки қисми МДҲ мамлакатларидан импорт қилинган. Ушбу маҳсулотларнинг республикамизга кириб келишига божхона божи таъсир қилмайди», – деди Ғанишер Маматқулов.

Бундан олдин, Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов янги божхона ставкаларига қандай изоҳ бергани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид